Энг ноёб мусиқа асарларидан бири ёки мадҳиямиз яратилиш тарихига назар

11:35 10 Декабрь 2021 Жамият
1584 0

Мадҳия ватанпарварлик руҳидаги тантанали мусиқий асар саналади. Гарчи унинг илдизи олис ўтмишга бориб тақалса-да  кўплаб давлат гимнлари Европада миллий давлатчиликнинг юзага келиши билан боғлиқдир. Биз XIX асрни назарда тутаяпмиз.

Лекин ундан ҳам аввал яратилиб, ҳозирга қадар янграб келаётган мадҳиялар ҳам йўқ эмас. Масалан,  Буюк Британия давлат гимни  илк бор 1619 йилда ижро этилган. Бошқа бир машҳур асар “Марсельеза” эса 1795 йилда Франциянинг миллий мадҳияси сифатида қабул қилинган.

 Биз ғурур билан айтадиган, тинглайдиган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ҳам ўзига хос тарихи бор.

Манбаларда таъкидланишича, Иккинчи жаҳон урушигача собиқ СССРнинг давлат мадҳияси йўқ эди. У фақат 1944 йилга келибгина яратилган ва давлат гимни сифатида ижро этила бошланган. Шу билан боғлиқ тарзда собиқ Иттифоқ республикалари ҳам ўз давлат мадҳияларини яратиш ҳаракатига тушишган.

1946 йилда республикамизда давлат мадҳияси матни бўйича танлов эълон қилинади. У ёпиқ тарзда ўтказилади. Яъни матн муаллифи ўз исм-шарифини сир сақлаган ҳолда шеърини конвертга солиб, унинг устига шартли ном қўйиб жўнатиши лозим эди. Муҳокамалар натижасига кўра, шоир Темур Фаттоҳ ёзган матн энг кўп овоз олади. Шундан сўнг мазкур матнга мусиқа ёзиш учун бастакорлар ўртасида ҳам ёпиқ танлов ташкил этилади. Ҳайъат аъзолари таркибида эндигина ўттиз ёшни қоралаган Мутал Бурҳонов ҳам бор эди. Шу боисдан у истиҳола қилиб, танловда қатнашишни лозим топмайди. Аммо дўсти, профессор Султон Умаров  “Танловда иштирок этинг”, деб туриб олади.

"Бошқа юмушларни четга суриб, бутун вужудим билан ишга киришдим, — дея ёзади бастакор ўзининг “Кўнгил хазинаси” китобида. — Ўзбек халқ мусиқасининг рангин оҳангларини изладим, чунки унда шашмақомимизнинг гардун йўли бор... Ниҳоят, мадҳияни тугатдим. Ноталарини тайёрлаб, конвертга солдим-да устига “Поэма” деб шартли ном қўйиб, ҳайъатга жўнатдим".

Шу ўринда бир диққатга молик ҳолатни четлаб ўтишнинг имкони йўқ. Қатор таниқли, тажрибали, маҳоратли бастакорлар ижод намуналари билан қатнашган танловда Мутал Бурҳонов ҳайъат аъзоси сифатида ўз асарига қарши овоз берган. Аммо муҳокамалар якунида айнан шу асар давлат мадҳияси сифатида тасдиқланган.1967 йилга келиб эса матнга айрим ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилади ва бу юмушга шоир Туроб Тўла жалб этилади.ҲМусиқа эса ўзгартирилмайди.

Табиийки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг янги давлат мадҳиясига эҳтиёж туғилди. Шунда танловга эски мадҳия мусиқасини ҳам қўйиш керакми ёки йўқ, деган масала юзасидан турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Охир-оқибат  40 йилдан зиёд вақт мобайнида ижро этиб келинаётган бу мусиқа ҳам танлов ғолиблигига номзод асарлар қаторидан ўрин олди.Унга халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов янги матн ёзди. Бастакор ва шоирнинг ҳар бир оҳанг, ҳар бир сўз устида ҳамкорликда ишлашлари зое кетмади.

"Янги эълон қилинган танлов қатнашчиси сифатида мустақил давлатимиз парламентида ўтирар эканман, қалбим ғурурга тўла эди, чунки шу мусиқа  барчанинг қалбидан жой олганига ишонардим, — дея ёзади Мутал Бурҳонов. — Мусиқанинг ярмига келганида залда олқишлар бошланди..."

Шу тариқа А. Орипов ва М. Бурҳонов томонидан яратилган асар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси сифатида тасдиқланди. Ўшанда 1992 йилнинг 10 декабри эди.

Сўнгсўз ўрнида. Мадҳиямиз мусиқаси ва ўнлаб ўлмас асарлар муаллифи, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Мутал Бурҳонов умрининг охирги йилларини она шаҳри — Бухорода ўтказди.У истиқомат қилган Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги хонадон  айни пайтда уй-музейга айлантирилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер