Энг кучли стритболчилар сараланди

15:12 13 Ноябрь 2024 Жамият
229 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз маҳаллалари ёшлари ўртасида ўтказиб келинаётган «Беш ташаббус олимпиадаси» янги авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда истеъдодли йигит-қизларни кашф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шу йилнинг 9-12 ноябрь кунлари Фарғона вилоятида ушбу мусобақанинг стритбол баҳслари бўйича республика босқичи ўтказилди. Унда вилоят босқичларида ғолиб бўлган «В» лигасининг 16-21, 22-30 ёш тоифасидаги ўғил ҳамда қиз болалар жамоалари иштирок этди. Фарғона вилояти олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрловчи маркази спорт мажмуаси залида 250 нафардан зиёд маҳалла ёшлари қатнашган турнирда энг кучлилар сараланди.

— Мусобақада 22-30 ёш тоифасида вилоятимиз жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади, — дейди Сирдарё вилояти қизлар жамоаси аъзоси Нозима Қодирова. — Бизнинг жамоада ҳам келажакда ҳаваскорликдан профессионал спортга ўтиш истагидаги қизлар кўп. Шу сабабли, бундай мусобақалар маҳоратимизни ошириб боришда қўл келади.

Шу тариқа ўғил болалар ўртасида 16-21 ёш тоифасида фахрли биринчи ўрин Тошкент шаҳри жамоасига насиб этган бўлса, Навоий ва Самарқанд вилояти ёшлари иккинчи ва учинчи ўринга муносиб топилди. 22-30 ёш тоифасида фарғоналик ёш стритболчилар шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти жамоалари иккинчи ва учинчи ўринни забт этди.

Қизлар жамоалари ўртасида 16-21 ёш тоифасида Фарғона вилояти жамоаси тенгсиз бўлди. Кейинги совринли ўринлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти жамоалари насиб этди. 22-30 ёш тоифасида Фарғона вилояти барча рақибларидан устун келди. Сирдарё ва Наманган вилояти жамоалари мос равишда иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.

Стритбол бўйича республика босқичи ғолибларига олтин, кумуш ва бронза медаллари, қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?