«Энг керакли дорилар захираси тугади»: Ғазодаги тиббий ҳолат бўйича маълумот берилди

17:06 10 Апрель 2025 Дунё
307 0

Ғазо касалхоналари ва тиббиёт марказларида беморлар учун зарур дори-дармонлар захираси хавфли ва мисли кўрилмаган даражада камайиб кетган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълум қилди.

Таъкидланишича, Исроил ҳарбийлари бир ойдан ортиқ вақт давомида Ғазо ҳудудига инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан дори-дармонлар киришини кескин тақиқлаб қўйган. Шу сабабли айни пайтда ҳудуддаги тиббий аҳвол мисли кўрилмаган даражада ёмонлашган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, беморлар учун зарур дорилар рўйхатининг 37 фоизи, тиббий буюмлар рўйхатининг 59 фоизи ҳамда саратон ва қон касалликларига қарши дори воситаларининг 54 фоизи захирада мавжуд эмас. Амалда фойдаланилаётган дорилар ва тиббий буюмлар ҳам тугаш арафасида, узоқ муддатга етмайди.

Шунингдек, жарроҳлик, интенсив терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган дори-дармонлар ҳамда материалларнинг сўнгги захирасидан фойдаланишяпти.

Бундан ташқари, айни вақтда 80 минг нафар қандли диабет ва 110 минг нафар гипертония билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатишнинг имконияти йўқ.

«Тиббий буюмлар ва дори-дармонларнинг буткул тугаши, тиббиёт муассасаларининг ёпилишига ҳамда мамлакатдаги тиббий ҳаётни янада инқирозга дучор қилади. Беморлар ва ярадорларга тиббий ёрдам кўрсата олмаслик ҳалокатли муаммоларни келтириб чиқаради», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?