Энергия ва сув ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

14:28 24 Июнь 2025 Сиёсат
180 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 24 июндаги мажлисида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳисоб-китоб тизимини шаффофлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада юзага келаётган ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш, жавобгарликни кучайтириш ва назорат механизмларини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бирига айланган.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти шундан далолат бермоқдаки, тадбиркорлик субъекти томонидан электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, табиий газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилса жавобгарликка фақат ташкилотларнинг мансабдор шахслари тортилмоқда. Бу борада ҳуқуқбузарлик содир этган якка тартибдаги тадбиркорларни эса жавобгарликка тортиш асослари белгиланмаган.

Хусусан, 2024 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан энергияни беҳуда сарфлаш билан боғлиқ 17,6 мингта, газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 7,6 мингта ҳолат аниқланган.

Бундан ташқари, Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатлари қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмаган. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига ҳам ушбу соҳада маъмурий баённома расмийлаштириш ваколати берилмаган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати аниқ белгиланмоқда. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига эса ёритиш учун электр энергиясидан беҳуда хўжасизларча фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, энергия ресурсларидан беҳуда фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик субъекти сифатида белгиланмоқда. Қолаверса, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига қонунга хилоф равишда уланиб, уларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Лойиҳада назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди.

Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, мазкур ҳужжат соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикасини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?