Эндиликда «права» олиш учун назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади

14:49 27 Октябр 2025 Ҳужжатлар
467 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистонда «А» ва «Б» тоифадаги ҳайдовчиликка номзодлар мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштиришига рухсат берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан «А» ва «Б» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.

Бунда, талабгорлар:

• ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;

• мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни автомактабларда тўлиқ бажаради;

• амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;

• амалий машғулотлардан ўтгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади.

Ҳужжат билан, «А» ва «Б» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали белгиланган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади. Жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер