«Энди соғлом инсонлар каби меҳнат қиламан»

16:00 10 Апрель 2025 Жамият
183 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Тўрақўрғонлик Акбарали Абдуллаев кўкрак қафасида кучли оғриқ бўлиб, ҳансираш, ҳолсизлик тинка-мадорини қуритганидан сўнг вилоят кардиология марказига шошилди. Чуқур текширувлардан сўнг касаллиги жиддийлиги, жарроҳлик амалиётисиз тузалмаслигини айтишди. Беморни ваҳима босди. Юрак амалиёти енгил ишмас. Қолаверса, катта харажат талаб қилади. Ўзи бир нафақага қараган одам бўлса, бунча пулни қаердан олади? Шуларни ўйлаб тушкунликка тушиб турганда Давлат тиббий суғурта жамғармаси борлигидан хабар топди. Мазкур суғурта жамғармаси унинг дардини эшитиб, оталиққа оладиган бўлишди. Тез кунларда моҳир жарроҳлар стент қўйиш амалиётини бажаришгач, отахоннинг дили ҳаловат топди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 сентябрда «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани малакали даволанишга эҳтиёжманд инсонларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтирди. Ўтган йилда Наманган вилоятида 519 нафар имтиёзли тоифадаги беморларни ихтисослаштирилган юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари асосида даволаш учун жамғарма ҳисобидан 4 миллиард 957 миллион сўм маблағ ажратилди. Жумладан, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида 132 нафар беморда мураккаб юрак-қон томир касалликлари амалиётларини ўтказиш билан боғлиқ 2 миллиард 540 миллион сўмлик харажат қоплаб берилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 189 фуқаронинг операцияси учун 1,8 миллиард сўм сарфланди. «Доктор vision» масъулияти чекланган жамиятида 616 миллион сўм эвазига 195 нафар бемор кўзига нур ато этишга қаратилган ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Жорий йилда биргина кардиология марказида бепул ўтказилган юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари туфайли 56 нафар бемор саломатлигини тиклади.

— Йигирма беш йил юрак хасталигидан азоб чекдим, — дейди Раъно Ҳосилова. – Шунча йил тирикчиликдан ортиб, ўзимни даволатишга маблағ жамғаролмадим. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси анчагина қиммат турадиган жарроҳлик амалиёти харажатларини кўтарганидан хурсанд бўлдим. Марказнинг қўли енгил шифокорлари туфайли соғлом ҳаётга қайтдим. Энди соғлом инсонлар каби меҳнат қиламан.

Раъно опадан хабар топган Аҳмаджон Латифбоев, Севара Ҳамроқулова, Карима Аҳмадалиевалар ҳам ўз соғлигини тиклаш мақсадида Давлат тиббий суғурта жамғармасига мурожаат қилди. Улар ҳам Давлат тиббий суғурта хизматидан фойдаланиб, тиббий муассасадан тўлиқ соғайиб чиқиб кетдилар.

— Вилоятимизда тиббий суғурта тизимига ўтиш ишлари давом этмоқда. 2021 йили Сирдарёда тажриба-синов сифатида бошланган ушбу тизимни босқичма-босқич 2027 йилгача бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш режалаштирилган, — дейди жамғарманинг Наманган ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Мухторжон Жўрабоев. — Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини тасдиқлаш ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади. Ҳозирги босқичда бўлинмамиз вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Давлат тиббий суғурта механизмларини тўлақонли татбиқ этишнинг амалий чораларини кўрмоқда. Бугунги кунда биз билан шартнома асосида фаолият олиб бораётган даволаш-профилактика муассасалари сони 18 тага етказилди. Мазкур фаолият турини шаҳар ва туман шифохоналарида жорий қилишга жадал тайёргарлик олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилаётган Давлат тиббий суғуртаси қанчалаб беморларни ҳаётга қайтармоқда. Бу аҳолининг тиббий хизматларга эҳтиёжи самарали таъминланишига, одамларни тиббиётдан ва бугунгидан рози яшашига хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?