Энди сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистонда ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар оляпти. Масалан, 2016 йилгача жами 2 минг нафар мактаб ўқувчиси сертификат олган эди. Ўтган йили биргина хорижий тилларнинг ўзидан 150 минг ёшларимиз халқаро сертификатга эга бўлди.
Президентнинг ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотида энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олиниши айтилди.
«Бугунги тадбиримизда ўзи ёш бўлишига қарамасдан, юзлаб ўғил-қизларимизни юқори марраларга етаклаётган когонлик қизимиз Биллура Икрамова ҳам қатнашяпти.
Биллура қизимиз топ-200 таликка кирадиган Буюк Британиянинг Рединг олийгоҳини битириб, катта-катта идоралардан бўлган таклифларни рад этиб, Ромитаннинг энг чекка қишлоғидаги мактабда инглиз тилидан дарс бермоқда.
Ёки Оксфорд университети докторанти Нодира Набиева эшитиш қобилиятини йўқотган ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш бўйича инновацион методика яратди. Германия ва АҚШдаги олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари бу методикадан фойдаланаётгани бизни қувонтиради.
Энг катта ниятим, мақсадим – таълим ва яна бир бор таълимга эътибор бериб, бундай истеъдодли ва фидойи ёш ўқитувчиларимиз сафини кенгайтириш. Бунинг учун ҳар қандай шароитларни яратиб беришга тайёрман.
Биз ёшларимизни нафақат замон билан ҳамнафас, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз керак. Ҳеч қачон унутмайлик, келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники бўлади», деди давлат раҳбари.
Иқтисодиётимизга йилига 30-35 миллиард доллар инвестиция, янги йўналишлар, замонавий технологиялар кириб келяпти, минглаб корхоналар ишга тушяпти. Шунинг ўзидан йилига 250-300 минг атрофида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўляпти.
Бу жойлар, энг аввало, ёшларимиз ишли бўлиши учун қўшимча имконият. Лекин улар замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникма ва малакага эга бўлиши зарурлиги таъкидланди.
2026 йил ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши қайд этилди.
Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинмоқда. Ушбу агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг