Энди маҳалла аҳолига янада яқинлашади

16:10 15 Январь 2024 Жамият
369 0

Мамлакатимизда маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий кўмак беришда янги тизим яратилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмаси ташкил этилаётир.

Наманган вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича вилояти Кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун делегат кўрсатиш жараёнлари бўлиб ўтиб, унда мавжуд 788 та маҳалла фуқаролар йиғини раиси орасидан 118 нафар делегат сайланган эди. Бугун Наманган шаҳридаги “Маърифат маркази”да улар иштирокида ташкилий йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни Наманган вилояти ҳокими, халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Шавкат Абдураззоқов бошқарди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Музокараларда сўзга чиққанлар маҳалла тизимига кўрсатилаётган эътиборга яраша иш ташкил этиш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Республика кенгашининг ташкилий йиғилишида вилоят номидан қатнашадиган 10 нафар вакил сайланди.

Таъкидлаш жоиз, республика Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудий кенгашларга эса тегишли тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар ҳокимлари жамоатчилик асосида раислик қиладилар. Шу билан биргаликда, янги ва алоҳида тузилма – Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмаси ҳамда унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?