Емирилишга чидамли ва мустаҳкамлик даражаси юқори

20:41 26 Февраль 2025 Иқтисодиёт
1078 0

Мамлакатимиз гидроэнергетикаси ривожи йўлида мамлакатимизда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йил фойдаланишга топширилиши белгиланган лойиҳалар орасида қуввати жиҳатидан энг йириги бўлган “Чотқол дарёсида Қуйи-Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳаси доирасида илғор техника ва технологияларнинг қўлланиши соҳани диверсификация қилиш, маҳаллий кадрлар малакасини ошириш ва қурилиш-монтаж ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, албатта.

Куни кеча мазкур лойиҳа доирасида тўғон ювиш галереясида емирилишга чидамли ва мустаҳкамлик даражаси юқори бўлган (М800) бетон қуйиш ишлари амалга оширилди.

“Сув омборидан йиллик қаттиқ оқимни (сувда эриган ва тубда тўпланган чўкиндилар) ювиш жараёнида умумий ҳажми 1 млн.м³ бўлган сув ГЭС биноси ва бетон тўғон ичида жойлашган ювиш галереяси орқали ўтказилади. Бу жараёнда ювиш галереяси иншоотининг контакт юзасига катта гидростатик юклама таъсир қилади.

Асосий ишқаланиш юкламаси ювиш галереясининг туб қисмига ва деворларнинг ўртасигача бўлган қисмига тушади. Ювиш галереясининг бутун узунлиги бўйлаб туб қисми қуйма темир плиталар билан қопланган. Қуйма темир — емирилишга чидамли ва узоқ муддат хизмат қилувчи материал бўлиб, плиталарнинг конструкцияси эскирган қисмларини янгилари билан алмаштириш имконини беради.

— Техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга асосан, деворларнинг юқори қисми ва ёпма қисми юқори емирилишга чидамлилик ва сув ўтказмаслик хусусиятларига эга бўлган махсус емирилишга чидамли бетон билан мустаҳкамланган, — дейди “Гидропроект” АЖ Лойиҳа бош муҳандиси Александр Багликов.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги бетон ишларини қурилиш жараёнида қўллаш махсус тайёргарлик ва лаборатория синовларини ўтказиш каби тадбирларни бажариш талаб этади. Мазкур тадбирлар Бош лойиҳа ташкилоти — “Гидропроэкт” АЖ, Эроннинг лойиҳа ташкилоти — “U SUV ALAN” МЧЖ, буюртмачи — “Гидроқурилиш буюртмачи хизмати” МЧЖ ва Бош пудратчи — “Тўпаланг HPD Holding” МЧЖ мутахассислари иштирокида амалга оширилди.

Бетоннинг емирилишга чидамлилигини баҳолаш махсус лаборатория усуллари ёрдамида амалга оширилади:

— ишқаланишга чидамлилик синови – бетон намунасининг массаси йўқотилишини сув оқими таркибидаги қаттиқ зарралар таъсирида ўлчаш;

— ишқаланиш шароитидаги мустаҳкамлик синови — қаттиқ заррачаларнинг механик таъсири орқали эксплуатация шароитларини моделлаштириш;

— бетоннинг емирилишга чидамлилик маркасини аниқлаш – стандарт синовларда масса йўқотилиш даражасига қараб таснифлаш.

“Қуйи-Чотқол ГЭСнинг ювиш галереяси учун қуйидаги параметрларга эга бўлган B60 синфидаги оғир бетон ишлаб чиқилди:

— мустаҳкамлик — 77,06 МПа (786 кг/см²);

— зичлик — 2500 кг/м³;

— аралашманинг ҳаракатчанлиги — P3-P4;

— музга чидамлилик — Ф300<;

— сув ўтказмаслик — W18<.

— B60 бетони учун компонентлар норматив ҳужжатларга мувофиқ танлаб олинган бўлиб, бу унинг юқори мустаҳкамлиги ва ишқаланишга чидамлилигини таъминлайди, — дейди “Гидропроект” АЖ лабораторияси бўлим бошлиғи ўринбосари Ғайрат Нуримбетов.

Бош пудратчи лойиҳа менежери Валижон Аҳмедовнинг айтишича, “Гидротехник иншоотларнинг сув ўтказиш конструкцияларини эксплуатация қилиш тажрибаси шуни кўрсатадики, сув оқими билан олиб кетиладиган чўкиндиларнинг ишқаланиш таъсири бетон қопламаларининг сезиларли даражада емирилишига, баъзи ҳолларда эса уларнинг бутунлай емирилишига олиб келади. Бундай конструкцияларнинг узоқ муддатли хизмат қилишини таъминлаш учун юқори емирилишга чидамлиликка эга махсус бетон таркиблари ишлаб чиқилган. Ҳозирда бу каби бетон ишларини бажариш учун қурилиш майдонида барча зарурий техникалар, лаборатория ускуналари ва малакали кадрлар мавжуд.

Емирилишга чидамли бетонлардан фойдаланиш гидротехник иншоотларнинг сув ўтказиш иншоотларининг хизмат муддатини сезиларли даражада узайтиради.

Умуман, B60 синфидаги бетон каби махсус таркибларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш эксплуатация харажатларини минималлаштириш ҳамда гидроиншоотларнинг ишончлилигини ошириш имконини беради.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер