Элдор Шомуродовнинг голи «Рома»га ғалаба келтирди (+видео)
Европа Лигаси 1/8 финали доирасида бўлиб ўтган «Рома» — «Атлетик» учрашувида Рим клуби 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоанинг ҳал қилувчи голини ҳамюртимиз Элдор Шомуродов киритиб, жамоасига муҳим устунликни тақдим этди. Беллашувда дастлаб испан клуби олдинга чиққан бўлсада, римликлар иккинчи бўлимда ўйинни ўз фойдасига буришга муваффақ бўлди.
Учрашувдаги ҳисоб 50-дақиқада «Атлетик» аъзоси Иньяки Уильямс томонидан очилди. 6 дақиқа ўтиб, Анхелиньо Рим клубининг мувозанатни тиклашига ёрдам берди. Баҳс якунига яқин, 71-дақиқада захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов ғалаба голини уриб, Рим клуби учун муҳим натижани таъминлади. Ўзбекистонлик футболчи ўйинда атиги 19 дақиқа ҳаракат қилди, аммо бу вақт ичида самарали ҳаракатлари билан ажралиб турди.
«SofaScore» рейтинги бўйича учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида Иньяки Уильямс қайд этилди – 7,8 балл. Элдор Шомуродов эса 7,3 балл билан «Рома»нинг энг фаол ўйинчиларидан бири бўлди. Ўзбекистонлик футболчи майдонда 12 марта тўпга тегди, дарвозага йўллаган битта зарбаси голга айланди. У жами 8 пас узатган бўлиб, шулардан 7 таси манзилга етиб борган.
«Рома» сафида энг яхши баҳони Элдорга голли узатма берган Алексис Салемакерс олди – 7,8 балл. Ундан кейин Зеки Челик (7,5 балл) ва биринчи гол муаллифи Анхелинё (7,4 балл) юқори баҳоланди. Энг паст балл эса Артём Довбикка (6,5 балл) берилди. «Атлетик» сафида энг паст баҳо Йерай Альваресга тегишли бўлди – 6,3 балл.

Мазкур жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 13 март куни Билбаодаги «Сан-Мамес» стадионида бўлиб ўтади. Римликлар олдинда бўлишига қарамай, жавоб баҳсида «Атлетик» вазиятни ўнглашга ҳаракат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг