“Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди...”

19:36 14 Февраль 2024 Маданият
210 0

14 февраль — Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон туғилган кун

Эл деб, элим деб яшаган инсон ҳеч қачон унутилмайди, албатта. Бутун умр халқ дардию ташвиши билан яшаган ана шундай инсонлардан бири — ўзбек адабиётининг таниқли вакили, шоир Омон Матжон бугун ҳаёт бўлганида 81 ёшга тўларди.

Бироқ, донолар айтганидек, жисм умри ўткинчи, юрак ва ундан қолган сўз умри абадийдир. Омон Матжон сўзи, оташин шеърлари билан бугун халқимиз қалбида яшаётгани ҳам бунинг яққол далилидир.

* * *

 

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас.


Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,
Неча авлод йўли-ю умидин айлаб беҳуда,
Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да,
Не ситамким қилса раҳм махфий эрди зимнида,
Эмди қилса не ситам аввалгиларға ўхшамас.


Бул Жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,
Воҳ, қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,
Ишқ, бу — ўз умрим, анга нечук қасамлар ичмаким,
Демангиз Ширину Лайли онча бор ишқ ичраким,
Хўбликда ул санам аввалгиларға ўхшамас.


Қай кишиким бир улуғ ишга этибди жон нисор,
Шиддати пасту баланд келганда ҳам бўлмайди ор,
Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор,
Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,
Ўлмишамким, бу алам аввалгиларға ўхшамас.


Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,
Бодайи ҳақ мастиман, ёлғонга уйғатманг мени,
Ўз хаёлимға қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,
Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени,
Ким бу расвойи дажам аввалгиларға ўхшамас.


Ҳар кима ҳар хил ёзур Арш Мирзоси сана,
Айланур ойина бу, ҳеч битта иш топмас пана,
Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана,
Кўйининг эҳромидан кўнглимни ман этманг яна,
Ким анга азми ҳарам аввалгиларға ўхшамас.


Сўкмак ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,
Ўз замонин рост этар қавми марддир асли ким,
Шу ҳаёт тилсимларин очмоқ омонлар касбиким,
Эй Навоий қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозийга карам аввалгиларға ўхшамас.
 

УМР ЎТАР


Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.


Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.


Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.


Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш, айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…


* * *


Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.


Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.


Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.


Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.


Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.


Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.


Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагингни ил, вақтинг бўлди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?