Экспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди
Фото: president.uz
25 ноябрь куни «Навоий» эркин иқтисодий зонасини ҳамда Навоий халқаро аэропорти юк терминалини бошқариш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Бу маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
— Бугун дунёдаги геосиёсий вазият ҳар бир давлатдан ўз имконият ва ресурсларидан тўғри фойдаланиш, янги савдо ва логистика йўлакларини яратишни тақозо этмоқда. Бу борада жаҳоннинг нуфузли компаниялари билан музокаралар олиб бориб, энг мақбул таклифларни ўрганаяпмиз. Мақсадимиз – мамлакатимиз экспорт салоҳиятини 2030 йилгача камида 3-4 баробарга ошириш, — деди давлат раҳбари.
«Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳамда Навоий халқаро аэропорти саноат ва логистика бўйича улкан имкониятларга эга. Уларда зарур инфратузилма ва тизим яратилган. Бундан самарали фойдаланиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг “DP World” компанияси билан «Навоий» эркин иқтисодий зонасини бошқариш бўйича келишув, “Terminals Holding” компанияси билан Навоий аэропорти юк терминалини бошқариш бўйича шартнома имзоланди.
“DP World” «Навоий» эркин иқтисодий зонасида хорижий инвесторлар талабларига жавоб берадиган халқаро ҳуқуқ нормаларини жорий қилиб, йирик ишлаб чиқарувчиларни жалб этади.
“Terminals Holding” компанияси Навоий халқаро аэропортининг юк айланмасини кескин ошириш ва уни йирик карго хаблари билан боғлаш билан шуғулланади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг асосий халқаро транспорт йўлакларига интеграция бўлиши ва транзит ҳажмини камида ўн баробарга оширишига салмоқли ҳисса қўшади.
Умуман, ушбу икки келишув мамлакатимизда инновацион ва юқори технологик хизматлар кўпайиши, иқтисодиётимиз учун энг муҳим бўлган транспорт коммуникациялари ривожланишига хизмат қилади.
— Бу икки компаниянинг Ўзбекистондаги бизнеси жадал ривожланишига тилакдошман. Мазкур лойиҳалар давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик миқёсини янада оширишига ишонаман, — деди сўзининг якунида Президентимиз.
Маросимда “DP World” ва “Terminals Holding” компаниялари раҳбарлари келишувлардан мамнун эканини билдириб, бу икки томон учун катта имкониятлар очишини таъкидлади.
Шу билан давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг