Экошаҳарда Япония инвестицияси иштирокида 60 миллион долларлик истиқболли лойиҳани амалга оширишга киришилди

12:26 16 Декабрь 2025 Жамият
381 0

Айни кунларда Фарғона вилояти марказидаги “Янги Ўзбекистон” массиви – Экошаҳарда япон компанияси томонидан “Shogun City” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.

Айтиш жоиз, истиқболли лойиҳа доирасида япон боғи, меҳмонхона ва ресторанлар мажмуасини ўз ичига олган йирик ва замонавий иншоотлар бунё этилади. Япониянинг “Micado Development” компанияси раҳбари Окуда Такефуми бошчилигидаги инвесторлар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу объект япон маданияти ва меъморчилиги анъаналари бўйича қад ростлайди. Бу ерда турар-жой мажмуаси ҳамда бизнес маркази бунёд этилиши ҳам режалаштирилган.

—Янги мажмуа Экошаҳарнинг яшил табиати, мусиқали фавворалари, муҳташам иморатларига ҳамоҳанг тарзда қурилиши кўзда тутилган,—дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – Туризм бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов.—У ноёб меъморий ечимга эга бўлиб, биринчи ва иккинчи қаватда хизмат кўрсатиш ҳамда сервис шохобчалари, ертўла қисмида эса автомашиналар сақлаш учун махсус ҳудуд барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

Бу лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Яқин истиқболда ушбу лойиҳа япониялик тадбиркорларни Фарғона вилоятига инвестиция киритиши учун ўзига хос платформа вазифасини бажариб, туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада оширишига хизмат қилишига ишонамиз.

Ташриф доирасида Япония ишбилармонлар делегацияси Экошаҳардаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди. Шу ерда “Shogun city” лойиҳасининг биринчи босқичи бўлган “Sakura Garden” замонавий турар-жой мажмуаси офисининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фарғона вилояти ҳокимлигида ўтказилган юзма-юз мулоқотда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур йирик лойиҳага старт берилгани ва бу борада илк қадамлар қўйилгани учун меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўз навбатида Окуда Такефуми япониялик тадбиркорлар Фарғона вилоятига инвестиция киритишга катта қизиқиш билдираётгани, “Shogun City” лойиҳасида ҳам 5 нафар япон инвестори иштирок этаётганини маълум қилди. Яқин келажакда икки томонлама манфаатли туризм, савдо-иқтисодий ҳамда бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик кўлами сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер