Экошаҳар: минглаб футбол ишқибозлари ғалаба шукуҳидан баҳраманд бўлди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Шу йилнинг 10 июнь оқшомида Фарғона шаҳаридаги Экошаҳар осмонида минглаб футбол ишқибозларининг хурсандчилиги, шодон кулгилари жаранг сочди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан «Янги Ўзбекистон» массиви – Экошаҳардаги муҳташам амфитеатрда катта экран ўрнатилиб, Ўзбекистон – Қатар терма жамоалари ўйини тўғридан-тўғри намойиш этилди. Шу тариқа файзли ва тароватли оқшомдаги футбол томошаси мухлисларга олам-олам қувонч улашди.
— Оила аъзоларимиз билан бирга узоқ йиллардан буён миллий терма жамоа ўйинларига мухлислик қиламиз, — дейди ашаддий футбол ишқибози Мирзоҳид Мирзаев. — Бош жамоамизнинг саралаш босқичи доирасида Тошкентга ўтказган баъзи ўйинларида футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун бевосита стадионга бориб кузатганмиз. Ахир Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш миллионлаб ҳамюртларимиз қаторида бизнинг ҳам кўп йиллик орзумиз эди.
Айтиш жоиз, ушбу ғалабада Фарғона футболи тарбияланувчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Хусусан, миллий терма жамоа бош мураббийи Темур Кападзе футболдаги илк сабоқларни Фарғона шаҳридаги ихтисослашган мактабда олган. Отаси Темур Кападзе футбол жонкуяри, мураббий сифатида танилган. Укаси Мурод Кападзе ҳам вилоятда ўз вақтида футболчи сифатида ўз мухлисларига эга бўлган.
Шунингдек, миллий терма жамоа ҳимоячилари Ислом Тўхтахўжаев ва Рустам Ашурматов ҳам Фарғона футболи тарбияланувчилари. Ҳар икки ҳимоячи ҳам ўзбек футболидаги катта сулоланинг муносиб ворислари. Бу оила аъзолари орасида футбол бўйича миллий терма жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилган футболчилар етишиб чиққан. Ҳозирги кунда ҳам умидли, иқтидорли футболчилар тарбияланмоқда.
— Бугун футбол барчамизни бир мақсад йўлида бирлаштирди, —дейди Мўйдижон Собитов. — Албатта, бу ғалабалар ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очди. Футболчиларимиз кейинги йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этишига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг