Екатерина Шубина маррага энг охирги бўлиб келди, аммо ярим финал учун курашда қолади

13:28 07 Август 2024 Спорт
327 0

Франция пойтахтида ўтказилаётган ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбек спортчилари ўз юришларини давом эттирмоқда.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Екатерина Шубина «Париж-2024» ёзги Олимпиадасидаги иштирокини бошлади.

Қайд этиш керакки, юртдошларимиз орасида биринчи бўлиб Екатерина Шубина 500 метр масофага кечган саралаш босқичида стартга чиқди.

5-гуруҳда ҳаракат қилган Шубина 1:58.37 дақиқа билан 6-бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди. Энди юртдошимиз чорак финал орқали ярим финал йўлланмаси учун курашни давом эттиради.

Шубина Екатерина Вячеславовна 1988 йил 2 майда туғилган. «Пекин-2008», «Лондон-2012», «Рио-2016» ва «Токио-2020» ёзги Олимпия ўйинларининг квалификацион мусобақаларида ўта олмаган, бироқ «Париж-2024» мусобақасига йўлланма олди.

Байдаркачи қизимиз фаолияти давомида Осиё ўйинларида 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлган. Шунингдек, қитъа чемпионати ва Жаҳон кубоги босқчиларида ҳам бир неча бор шоҳсупага кўтарилган.

Аввалроқ, Асадхўжа Мўйдинхўжаев Париж Олимпиадаси олтини учун рингга чиқиши ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?