Эҳтиёт бўлинг, чигиртка!

15:51 03 Апрель 2025 Жамият
201 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда чигирткаларнинг 200 га яқин турлари аниқланган бўлиб, ҳар доим қишлоқ хўжалик экинлари, яйловлари ва бошқа ўсимликларга жиддий таҳдид солади. Айниқса, «Марокаш», «Воҳа», «Катта саксовул» букур чигирткалари каби турлари ўз вазнига нисбатан 300-400 баробар кўп миқдорда озиқланишини ҳисобга олсак, катта майдонларга зарар етказиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкинлигини тасаввур этиш мушкул эмас.

Чигирткаларнинг Навоий вилоятидаги яйлов ва ўсимликлар майдонига ёпирилиши ва ривожланиш даври асосан апрель ойининг учинчи ўн кунлигида тўғри келиши кузатилган.

— Ёғингарчилик кам бўлгани ва ҳаво ҳарорати кескин исиб кетгани сабабли ривожланиш даври апрель ойининг иккинчи ўн кунлигига тўғри келиши кутилмоқда, — дейди вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Аббос Жабборов. — Шу муносабат билан вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳузуридаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят ҳудудида зарарли чигирткаларнинг доимий ўчоқлари ҳисобланган туманларда ўтказилган кузги ва баҳорги кузатувлар натижасига кўра жорий йилда чигирткаларнинг 46600 гектар майдонда тарқалиши прогноз қилиниб, уларнинг олдини олиш ва йўқотиш мақсадида 40200 гектар майдонларда кимёвий ишлов ўтказилиши режалаштирилди.

Зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ва ўз вақтида кимёвий кураш ишларини ўтказиш мақсадида вилоятда 4 та махсус отряд ташкил этилган. Хизмат техникалари шай ҳолатга келтирилган бўлиб, Навоий вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан 2025 йил мавсуми учун 3 дона (IZUSI-DMAX) махсус умо машиналари ва 2 дона IZUSI сув ташиш машинаси, 5 дона (OBX-600) трактор пуркагичлари,7 дона моторли осма қўл пуркагичлар ҳамда 4 дона УАЗ автомобиллари мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Хизмат агрономлари ва мутахассислари томонидан ҳудудларда доимий кузатув-назорат ишлари олиб бормоқда.

Шу билан бирга, вилоят туманларининг қир-адир ва яйловларида зарарли чигирткаларнинг тарқалиши бўйича доимий мониторинг ишлари йўлга қўйилиб, зарарланиши прогноз қилинаётган майдонлар алоҳида назоратга олинган. Албатта, бу жараёнларда жамоатчиликнинг ҳушёрлиги ҳам муҳим аҳамият касб этиб, вақтида аниқланган чигиртка ўчоқларида улар томонидан етказиладиган зарарнинг олди олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер