“E–kon” лойиҳаси янги имкониятлар эшигини очди

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Дилшод Чориев Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тизимида ишлайди. Муҳандис-оператор. Тўрт йиллик иш тажрибасига эга. Одатда, бу касбдагилар бийдай саҳрода, қум барханлари бағрида очилган конларда меҳнат қилади. Дилшод ҳам бундан истисно эмас.
— Биз учун махсус ишчилар шаҳарчаси барпо этилган, — дейди асли жондорлик бўлган йигит. — Шарт-шароитлардан нолимаймиз. Ишга келсак, эндиликда аввалгидек, ортиқча оворагарчиликларга ҳожат қолмади. Илгари у ёки бу қудуқ ҳолатини аниқлаш учун бир-икки кун вақт сарфлардик.
Агар Газлидаги ҳар бир қудуқдан иккинчисини ўнлаб километр масофа ажратиб туриши назарда тутилса, бу анойи иш эмасди. Биргина автотранспорт харажатига қанчадан-қанча маблағ сарфлашга тўғри келарди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги конлардан табиий газ қазиб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш доирасида “Е–кон” лойиҳасини амалга оширишга киришилди– ю бу муаммо кун тартибидан тушди.
— Шу лойиҳанинг 2023 – 2024 йилларга мўлжалланган дастлабки босқичига кўра, 23 та конимиздаги 257 та қудуққа 770 тадан зиёд босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ўрнатилди, — дейди Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳмедов. — Шунингдек, қудуқлардан маълумотларни “онлайн” тарзда олиб туриш учун конларда алоқа воситалари ишга туширилди.
Бу қудуқлар иш режимини “Е-кон” дастурий платформасида масофадан туриб кеча-ю кундуз назорат қилиш имконини яратди. Рақамлаштириш натижасида қудуқларни ишлатиш билан боғлиқ жараёнга сарф этиладиган вақт кескин қисқарди. Уларнинг барқарор ишлаши учун тезкор қарорлар қабул қилиш имкони юзага келди. Негаки, оператор-муҳандислар мавжуд қудуқлардан қанча газ қазиб олинаётгани, қандай муаммо туғилганидан ўша лаҳзанинг ўзидаёқ хабардор бўлади. Жараённи назорат ва таҳлил қилиб боради.
Бошқармадаги конларда 14 та шундай қурилмани ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда газни тайёрлаш қурилмаларининг 10 тасида ишлар якунланди. Бунга “Учқир” конида амалга оширилган ишларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Конда умумий кунлик қуввати 2,5 миллион куб метр бўлган 3 та газни тайёрлаш қурилмаси ишга туширилди. Эътиборлиси, барча юмушлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан бажарилди. Чунончи, лойиҳалаш “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ жамоаси, сепаратор, дегазатор ва бошқа технологик жиҳозларни етказиш “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ томонидан амалга оширилди.
— “Учқир” кони 1960 йилда очилган, — дейди бошқарма бош муҳандиси Ғайрат Темиров. — Конда ҳозирги кунда ишлатилаётган 29 та қудуқдан қазиб чиқарилаётган табиий газ махсус қурилмаларда дастлабки тарзда тайёрланмоқда. Яъни унинг таркибидаги суюқликлар ва механик аралашмалар ажратиб олиняпти. Шундан сўнг Газли газни қайта ишлаш заводига йўналтирилмоқда.
Бундай қурилмаларнинг ишга туширилиши қувурлардаги гидравлик қаршиликларни бартараф этиш, шунинг эвазига конларда қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, табиий газнинг тезкор ҳисобини юритиш имкониятини яратяпти.
Кондаги иш жараёнларини кузатар экансиз, уйимизга беминнат етказилаётган “зангори олов” қанчадан-қанча ишчи-ходимларнинг қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай қилаётган машаққатли меҳнати маҳсули эканини ҳис этасиз. Бинобарин, табиий газдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш қандайдир маънода шу оғир меҳнатнинг қадру қимматига етишни ҳам англатади.
Дарвоқе, яқинда ”Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар Газли нефтни қайта ишлаш заводида куз-қиш мавсумига тайёргарлик якуни ва корхона иш фаолияти билан танишди. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”АЖда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилган ишларга оид “Очиқ эшиклар куни” ҳам ўтказилди.
“Е-кон” лойиҳасига келсак, жорий йилда “Ўзбекнефтгаз”АЖга қарашли 1400 дан ортиқ қудуққа масофадан туриб маълумот олиш имконини берадиган воситалар ўрнатилди. Ҳозир лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг