Дунёни мунаввар этган таълимот
Фото: “Халқ сўзи”
Жаҳон илм – фани, маданияти, маънавияти тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган Абу Али ибн Синонинг ўлмас таълимоти асрлар оша авлодлар эъзозида бўлиб келмоқда. Буюк аждодимиздан қолган мерос —улкан маънавий бойликни эса олмосга менгзаш мумкин. Ўқиб – ўрганган сайин унинг янгидан янги қирралари намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан улуғ аллома туғилиб ўсган Бухорода “ХII халқаро Ибн Сино ўқишлари” илмий – маърифий анжуманининг ўтказилаётгани маънавий ҳаётимиздаги улкан воқеадир.

Вилоят ҳокимлиги, республика соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган бу галги тадбирда мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари қаторида АҚШ, Туркия, Эрон, Россия, Жанубий Корея каби дунёнинг йигирмата давлатидан келган тиббиёт соҳасининг забардаст олимлари, синошунос зиёлилар иштирок этишмоқда.

— Ибн Сино таълимотининг мағзида фалсафа ётибди,-—дейди Теҳрон университетида фаолият олиб бораётган олима Фотима Муҳаммад.— Бу таълимот дунёни қуёш янглиғ мунаввар этиб турибди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Тиббиёт, фалсафа, қолаверса, ислом тамаддунига бениҳоя катта ҳисса қўшган бу аждодингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Биз юртингизда Ибн Синонинг бой маънавий меросини ўқиб – ўрганишга, унинг номини ардоқлашга жуда катта эътибор қаратилаётганидан хурсандмиз.
Халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий – амалий анжуманининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани ҳам юқоридаги фикр тасдиғидир. Ўн иккинчи бор ташкил этилган бу галги нуфузли тадбир иштирокчилари буюк бобокалонимиз туғилган Афшона қишлоғига саёҳат қилиб, бу ердаги Абу Али ибн Сино ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Аллома номидаги музейда бўлишди. Бухоро давлат тиббиёт институтида ташкил этилган кўргазма ва мазкур ўқув юртининг замонавий компуси билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

— Анжуман доирасида хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланмоқда,— дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов. —Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати билан ҳамкорликда суратга олинган улуғ аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига оид ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Тадбирда улуғ аллома меросининг фан ва цивилизация ривожидаги ўрни, унинг аниқ фанлар равнақидаги аҳамияти, халқ табобати каби илмий йўналишларда қатор маърузалар тингланди. Ибн Сино ўқишлари доирасида халқаро форумлар, давра суҳбатлари ўтказилди. “Абу Али ибн Сино: қўлёзмалар – илм – фан ва ҳаёт”, ўзбек – турк илмий форуми, Ўзбекистон – Эрон олимлари давра суҳбати шулар жумласидандир.
Тиб илмининг султони Ибн Сино нафақат замондошлари, балки келажак авлодга қарата “Тана фаровонлиги ва инсониятнинг омон қолиши учун ҳамкорлик қилинг”, дея даъват этган эди. Чиндан ҳам дунё халқларининг фаровон турмуш кечириши бевосита сиҳат — саломатлик билан чамбарчас боғлиқ. Анжуман эса юртимиз ҳамда жаҳон олимлари-ю тадқиқотчиларига Ибн Синонинг бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганишга туртки вазифасини ўташи билан аҳамиятли бўлди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг