Дунёда атом энергиясини ишлаб чиқариш ўсиб бормоқда

18:35 29 Март 2021 Иқтисодиёт
542 0

Фото "Халқ сўзи"

Йилдан йилга дунёда атом электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб бормоқда, бу эса кўплаб янги мамлакатларнинг атом энергетикаси технологияларига қизиқишини уйғотмоқда.  Ўтган йили Бирлашган Араб Амирликларида ва Беларусда биринчи маротаба «атом электри» олинди.

British Petroleum (BP) ёнилғи компаниясининг маълумотларига кўра 2013 йилдан бошлаб дунёда атом энергиясини ишлаб чиқариш барқарор ўсиб бормоқда. Ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2012 йил 2,47 тераватт соат (ТВт*с) бўлган бўлса, 2019 йилда 2,8 минг тераватт соатга етган, бу атом энергиясини ишлаб чиқариш 13 % ошгани демакдир. ВР қилган прогнозларга қўра атом электр станциялари ишлаб чиқарадиган электр энергияси яқин 20 йилда 3,4 минг ТВт*соатгача кўпайиши, яъни 2012 йилдагига нисбатан 37% ошиши мумкин.

Бунга сабаб ишлаш муддатини ўтаб бўлган иккинчи авлод энергия блоклари ўрнига янги, яна ҳам кучлироқ ва энергия самарадорлиги баландроқ бўлган III ва III+ авлод энергия блоклари ўрнатилишидир. Масалан, Росатомнинг энг илғор маҳсулоти бўлган ВВEР-1200 реактори ўрнатилган энергия блоки 1200 МВт қувват беради ҳамда унинг белгиланган қувватдан фойдаланиш коэффициенти рекорд даража 90 фоизга етади.

Бугун дунёнинг 32 та мамлакатида атом электр станциялари ишлаб турибди. Атом энергияси АҚШда 2019 йил бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ яъни, йилига 852 ТВт*с ишлаб чиқарилган. Францияда ушбу кўрсаткич – 399 ТВт*с.  Хитойда эса – 349 ТВт*с ташкил этган. Бу давлатлар йилига 209 ТВт*с энергия ишлаб чиқарадиган Россия билан бир қаторда бутун дунёдаги атом энергияси ишлаб чиқаришнинг учдан икки қисмини таъминлаб бермоқдалар. Охирги ўн йил давомида атом энергиясини ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар кўпаймоқда. Атом генерациясига Хитой 279 ТВт* ва Россия 45 ТВт*с кўрсаткичлари билан сезиларли ҳисса қўшдилар, Франция эса ишлаб чиқаришини 11 ТВт*с га камайтирди.

«Айрим мамлакатлар ишлаш муддатини тугаган АЭСларни ёпишни режалаштирмоқдалар ёки ёпмоқдалар, чунки кўпгина реакторларнинг қурилганига 40 йилдан ошган, — дейди «Ўзатом» агентлигининг Атом энергетикаси ва ядро технологиялар бошқармаси бошлиғи Қосим Тўхтахунов. — Бу ҳолатлар асосан ўтган асрнинг 70-80 йилларида атом энергетикаси тез суратларда ривожланган Европа давлатларида содир бўлмоқда». 

АЭС энергия блоклари хизмат муддатини узайтириш учун анчагина жиддий ишларни амалга ошириш керак, аввало хавфсизлик тизими, Фукусимадаги фалокатдан кейин ишлаб чиқилган замонавий талаблар ҳам шулар жумласидан. Албатта, энергия блокларининг ҳаммаси ҳам ҳозирги қаттиқ талабларга тўғри келмайди, шунинг учун эскиларини янгилаш билан бир қаторда янги энергия блоклари ҳам қурилади. Ишончли ва барқарор ишлайдиган энергия таъминотида углеродсиз энергетикага ўтиш учун мамлакат энергетика мувозанатининг бир томонида албатта атом энергетикаси туриши керак. Шундагина мамлакат битта ёки иккита энергия ресурсига қарам бўлиб қолмайди, бу каби қарамлик давлатнинг энергетика хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.

Сўнгги йиллар атом энергетикаси ишлаб чиқариш истагида бўлган мамлакатлар талайгина. Бугунги кунда  бутун дунё бўйлаб умумий қувватда 394 098 МВт электр энергияси ишлаб чиқараётган 444 та реактор ишламоқда. Яна умумий қуввати 53 263 МВт бўлган 50 та энергия блоки қурилиш арафасида турибди. Бирлашган Араб Амирликлари, Бангладеш, Беларус, Миср ва Туркия каби давлатларда эса энергия блокларининг айрим қисмлари биринчи маротаба қурилди. Яқин 10-30 йил ичида яна бешта мамлакат энергия мувозанатига атом энергетикаси қўшилишини режалаштирмоқда, улар қаторида Ўзбекистондан ташқари қуёш энергиясига бой Саудия Арабистони ҳам бор.

Бундан ташқари, Европа давлатларининг ҳаммаси ҳам атом энергетикасидан фойдаланишни тўхтатмоқчи эмас. Чехия, Болгария, Венгрия ва Финляндияда янги атом энергия блокларини қуриш режа қилинган ёки қурилиш ишлари бошланган. Бундан ташқари Европа атомчилар клубининг янги иштирокчилари сирасига Полша ҳам қўшилиши кутиляпти. Бу ерда айни дамда мамлакатда биринчи АЭСни қуриш борасида музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳозир дунёда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсиб бормоқда, охирги йиллар энергетика соҳаси билан бирга хавфсизлик технологиялари ҳам ривожланаётганини кўряпмиз. Кўпгина ривожланаётган давлатлар энергетикага, шу жумладан, атом энергетикасига инвестиция киритишда давом этмоқдалар, чунки бу масалани ҳал қилмасдан туриб мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб бўлмаслигини тушунишади. Атом энергетикасини ривожлантиришнинг яна бир сабаби — кўпгина давлатлар «яшил» электроэнергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Париж келишувини имзолашган, ва бу билан улар атмосферага «иссиқхона» гази ва заҳарли газлар чиқаришни камайтириш мажбуриятини олишган. Бу масалани ҳал қилишнинг ягона йўли атом, қуёш, шамол ва гидроэнергетика каби «яшил квадрат» электрогенерациясини ривожлантириш ҳисобланади.

Р. Алишеров.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер