Дунё йўлларига туташ манзиллар
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда халқаро аҳамиятдаги магистрал автомобил йўлларини қуриш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023—2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Осиё тараққиёт банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу”автомобиль йўлида 240 километрли цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди.
Хитой Халқ Республикасининг “CRBC ва СССС Third Highway Engineering Co. Ltd” қўшма корхонаси халқаро аҳамиятдаги йўл иншоотининг цемент-бетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчи этиб тайинланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, қурилиш ишлари 2020—2024 йилларда амалга оширилди. Жорий йилда мазкур автомобиль йўлининг 964—1204 километрлари оралиғидаги 240 километр йўл қисмини мукаммал реконструкция қилиш лойиҳаси якунланиб, фойдаланишга топширилди.
— Бу йўлнинг очилиши халқимизнинг кўпдан кутган орзуси эди, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбай Абдижаббаров. — Бу йўл олдин абгор аҳволда бўлган. Ҳозир шу йўлдан ҳаракатланаётган ҳайдовчилар бетон қопламали равон йўлдан автотранспортларини бошқараётиб, бундай хайрли ишлар бошида турганлардан чексиз миннатдор.
Амалга оширилган лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири халқаро ва давлат миқёсидаги автомобиль йўлларини халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда юқори даражадаги сифатли ҳолатга келтириш ҳисобланади. Жаҳон стандартларига мос, сифатли қуриб битказилган мазкур автомобиль йўли кўп йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.
— “Каракалпакия” посёлкасида истиқомат қилаётган аҳоли сифатида йўл қурилишининг қанчалик муҳимлигини яхши англайман, — дейди ўқитувчи Роза Исфанова. — Қирқ йилдан ошибдики, мана шу ердаги мактабда ўқитувчилик қиламан. Баъзан ўқувчиларим йўлларнинг абгорлигидан мактабга келолмас, унинг қачон таъмирланишини сўраганида тайинли жавоб айтолмасдим. Негаки, овулда кимдир бетоб бўлиб қолса, шифохонага етказиш, машина чақиртиришнинг ўзи катта муаммо бўларди. Бу йўлнинг қайта қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани ҳайдовчи ва йўловчилардан ташқари бизнинг овул аҳли учун ҳам катта байрам бўлди.
— Фаолиятимизни 2018 йили Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан чет элдан юк ташувчи автомашиналарини харид қилиб, юк ташиш хизмати йўлга қўйилганда бошлагандик, — дейди тадбиркор Давлетназар Саиджано. — Қисқа муддатда юк автомобиллар сонини 5 баробар ошириб, ҳозирда 14 та автомобилларимиз халқаро юк ташиш хизматини кўрсатиб келмоқда. Илгари автомашиналаримиз “Довуд ота” постидан Нукус шаҳригача 15 соат вақт сарфлаган. Янги йўлнинг фойдаланишга топширилиши билан юкни Нукусга етказиш вақти етти соатга қисқарди. Шу йўл инфратузилмасининг яхшиланиши билан юк ташиш хизматини кўрсатувчи тадбиркорларнинг салоҳияти янада ошиб, соҳа янада ривожланишига ишончимиз комил.
Дарҳақиқат, шу йўл инфратузилмасининг яхшиланиши орқасидан Қорақалпоғистонга сармоя киритиш истагида бўлаётган инвесторлар сафи ортиб бормоқда. Негаки, А380 автомагистралининг мамлакатимиз шимолий дарвозаси саналган “Довуд ота” постигача бўлган оралиғи янгидан қурилиб фойдаланишга топширилгани тадбиркорларнинг вақт ва йўл харажатларини қисқартириб, тадбиркорлик салоҳиятини оширишга имкон беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг