Дубайда АҚШ компанияси раҳбарияти билан Ўзбекистон тиббиёт соҳасига сармоя киритиш истиқболлари муҳокама қилинди

14:59 19 Июль 2023 Сиёсат
305 0

Ўзбекистоннинг Дубайдаги (Бирлашган  Араб Амирликлари)  Бош консуллигида АШҚнинг «3rd Curve Healthcare” компанияси раҳбари, доктор Шади Шалахти билан учрашув ташкил этилди.

Унда Ўзбекистонга хорижий инвестиция ва илғор инновацион технологияларни жалб қилиш масалалари  муҳокама қилинди.

Шади Шалахти Янги Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, тадбиркорлик фаолиятини  қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган  чора-тадбирлар билан батафсил таништирилди. 

«3rd Curve Healthcare” компанияси раҳбари тиббиёт муассасаси қуриш, халқаро стандартларга жавоб берадиган тиббиёт кадрларини тайёрлаш базасини яратиш орқали Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига сармоя киритишга  қизиқиш  билдирди. Шади Шалахтининг айтишича, ушбу  лойиҳалар нафақат Ўзбекистон аҳолисига халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори сифатли тиббий хизматларни олиш, балки мамлакатни Марказий Осиё минтақасидаги йирик  тиббий марказга айлантириш учун ҳам шароит яратади.

Бўлиб ўтган музокаралар сўнгида «3rd Curve Healthcare”  компанияси раҳбариятининг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил этиш, ташриф давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилот ҳамда идоралар раҳбарлари билан учрашиб, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш  масалаларини муҳокама қилиш бўйича келишиб олинди. 

«3rd Curve Healthcare”   компания дунёнинг турли мамлакатларида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ихтисослашган. Компания  АҚШ, Буюк Британия, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа мамлакатларда шифохоналар қуриш ва фойдаланишга сармоя киритган. У, шунингдек, консалтинг хизматларининг тўлиқ циклини, яъни инвесторни танлаш, лойиҳа концепцияси, тегишли кадрларни танлаш ва ўқитишгача бўлган жараённи тақдим этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?