Доривор ўсимликларни етиштиришнинг долзарб масалалари юзасидан парламент сўрови юборилади

Фото: Акмал Муҳаммадов, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдухакимовга парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “бир туман – бир маҳсулот” тамойили асосида доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштирилган 73 та туманда 2024 йилда 22,3 минг гектар майдонда 100 турдан ортиқ доривор ўсимликлар хомашёси тайёрланган.
Хитой Халқ Республикасига доривор ўсимликларни экспорт қилиш бўйича фитосанитар рухсатнома олинган ҳамда 71 та экспортёр корхона экспорт қилиш реестрга киритилган.
Ўтган йилда 30 минг тоннадан ортиқ доривор ўсимликлар хомашёси йиғиб олиниб, қайта ишланган ҳамда 52 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Германия ва Испаниянинг доривор ўсимликлар соҳасида фаолият олиб борувчи компаниялари билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Доривор ўсимликларни етиштириш бўйича 23,8 млрд долларлик 25 та лойиҳа доирасида илмий тадқиқотлар олиб борилган.
“Зарур доривор ўсимликларни маданийлаштириш ва териб олиш амалиёти – GAСP” давлат стандарти жорий этилган.
Шу билан бирга, доривор ўсимликларнинг давлат кадастри тўлақонли юритилмаётганлиги, табиий доривор ўсимликлар йиғиш учун квота ажратиш жараёнида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш каби ишлар етарли даражада амалга оширилмаётгани қайд этилди.
Тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олиб, маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг илмий асосланган агротехнологик хариталарини ҳудудлар кесимида ишлаб чиқиш, ёввойи турлардан селекцион нав ва дурагайларга ўтиш, уруғчилик хўжаликларини ва оналик кўчатзорларини ташкил қилиш самарали йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, доривор ўсимликлар хомашёси ҳамда улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаш ва стандартлаштириш лабораторияларини ташкил этишга етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш учун Сенатнинг парламент сўрови юборишга доир тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг