Дониёлбий оталиқ ким эди?

16:46 07 Ноябрь 2024 Маданият
1178 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухородаги қадимий қадамжоларда бўлган киши кўплаб тарихий номларга дуч келади. Ўтмиш аждодларимизнинг хайрли ишлари, эзгу амалларидан хабар топади. Шу ўринда бир мисол. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида айни дамда Дониёл оталиқ мадрасаси ва бу зот барпо этган мақбаралар қайта тикланаётганини кўриш мумкин.

— Табиийки, Дониёл оталиқ ким бўлган? — деган савол туғилади дейди Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Ф. Аминов. — Манбалардан айтилишича, у Бухоро амири Муҳаммад Раҳимнинг катта амакисидир. Амир 1758 йилнинг 24 мартида вафот этади. Ўғиллари бўлмаганлиги боис тахтга қизининг ўғли, вояга етмаган Фозилтўра ўтқазилади. Дониёлбий унга оталиқ яъни ота ўрнида ота этиб тайинланади. Унинг вазифаси Фозилтўра вояга етгунга қадар шаҳзодани тарбиялаш ва улусни бошқаришдан иборат эди. Лекин бу ҳол жойлардаги ҳокимлар, амирларнинг норозилигини келтириб чиқаради. Шунда Дониёл оталиқ улар билан муросага бориб, аштархоний шаҳзода Абулғозининг хонлик тахтига ўтиришига шароит яратади. Бироқ ўзи ҳукмдорлик мавқеини сақлаб қолади.

Дониёлбий ҳақида узоқ тўхталиш мумкин, албатта. Лекин бу ўринда асли манғитлардан бўлган бухоролик тарихчи Муҳаммад Ёқубнинг “Дониёлбий оталиқ сахий ва мурувватли ҳоким сифатида машҳур бўлган”, деган сўзларини келтириш билан кифояланмоқчимиз.

У Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ҳудудида ногиронлар уйи барпо этган. Бу ўша давр учун ноёб воқеа эди. Дониёлбий оталиқ ҳаёти ва фаолиятини атрофлича тадқиқ қилган тарих фанлари номзоди Баҳодир Қозоқовнинг ёзишича, бу кичик хайрияхона у бунёд қилган мадраса ва масжид билан ёнма – ён жойлашган.

— Мазкур иншоотларни қурдириш ва уларнинг келгуси таъминоти учун Дониёл оталиқ экин ерлари, боғлар, работлар, ҳовлилар, тегирмонлар сотиб олган, — дея ёзади Б.Қозоқов. — Улар вақф мулки сифатида расмийлаштирилган. Икки қисмдан иборат бу ҳужжат 1777 йилда ёзилиб, қози муҳри билан тасдиқланган.

Қизиғи, ногиронлар уйи алоҳида эътиборда бўлган. Олти нафар ногиронга мўлжалланган бу кичик муассасада ҳар бир киши учун йилига бир ман яъни, 160 килограмм миқдорида буғдой ажратилган. Аниқроғи, шу ғалла миқдорига тенг қийматда тайёр овқат берилган. Шунингдек, ғариб ва мискинларга ҳар жума кунида қўй гўштидан таом улашилган. Бу овқатдан ногиронлар уйидагилар ҳам баҳраманд бўлган. Бу ерда умргузаронлик қилаётган кўзи ожизлар ёки тақдир зарбасига учраб ногирон бўлиб қолганлар зиёратчиларнинг ҳам хайру эҳсонларидан бебаҳра қолмаган. Кўнгиллари ўксимай, эл-юрт қатори яшаган.

Меҳр-оқибатли бўлмоқ, кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзмоқ, улар ўй-ташвишини хийла бўлса-да енгиллаштирмоқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Дониёл оталиқ томонидан чамаси 250 йил муқаддам бунёд этилган кичик ногиронлар уйи бу фикрнинг яққол тасдиғидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?