Долзарб масалалар муҳокама марказида
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. Самарқандда “Ҳамма учун барқарор инфратузилма яратиш” шиори остида ўтказилаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
“ОИИБ билан бизнес юритиш: бизнес имкониятлари бўйича семинар” мавзусидаги сессияси ОИИБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар ва корпоратив харидлар доирасида бутун дунё бўйлаб етказиб берувчилар ва маслаҳатчилар учун корпоратив харидлар сиёсати, сотиб олиш жараёни ва бизнес имкониятларига бағишланди.
2023 йилда ОИИБ корпоратив харид шартномаларининг умумий қиймати 40 дан ортиқ мамлакатлардан етказиб берувчилар ва жисмоний шахслар томонидан тақдим этилган 109 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
ОИИБнинг тезкор харидлари, жумладан, амалий мулоҳазалар ва индивидуал шартнома олувчиларнинг тажрибаси муҳокама учун яна бир мавзу бўлди. 2023 йил охирига келиб ОИИБ умумий қиймати 50 миллиард АҚШ доллари бўлган 250 дан ортиқ операцион лойиҳаларни молиялаштирди. Умумий қиймати 21 миллиард АҚШ доллари бўлган 14500 дан ортиқ шартномалар тузилди. Ушбу шартномаларнинг ҳар бири нафақат инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради, балки фойда олувчи жамоалар ва шартнома олувчиларга катта ижтимоий-иқтисодий наф келтиради.
Иштирокчилар ОИИБнинг харид қилиш сиёсати ва унга қандай киришни батафсилроқ ўрганиш бизнес учун янги бизнес имкониятларини очиб беришини таъкидлади.
“Эртанги кун учун барқарор йўлларга инвестиция қилиш” мавзусидаги сессиясининг асосий мавзулари қаторига йўллар қурилишига алтернатив ёндашувларни баҳолаш, иқлимга чидамли технологияларни жорий қилиш ва иқлим ўзгаришларига мослашган активларни бошқариш киради. Ушбу сессия давлат ва хусусий сектор вакиллари ўртасида конструктив ҳамкорлик ва билим алмашиш учун платформа яратди, бу ОИИБнинг йўл соҳасидаги стратегик мақсадларини илгари суриш учун муҳимдир.
Иштирокчилар ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, барқарор йўлларни яратиш учун инновацион ечимларни жорий қилиш зарурлигини таъкидлади, бу хавфсиз ва ишончли келажакни шакллантиришга ёрдам беради.
“Иш берувчининг глобал танлови йўлида: истеъдод ва маданиятни ўзгартириш” мавзусидги сессиясида ОИИБнинг бутун дунё бўйлаб энг яхши иш берувчи бўлиш нимани англатишини қайта кўриб чиқиш бўйича дадил ҳаракати, шунингдек, банкнинг 2030 йилга бориб унинг кадрлар ва маданий ландшафтини ўзгартириш учун мўлжалланган кенг қамровли стратегик кадрлар харитаси муҳокама қилинди. Ушбу кўп даражали стратегия рақобатбардош умумий мукофотлар, иш маданияти ва атроф-муҳитга, шунингдек, карьеранинг ривожига қаратилган ноёб, тасдиқланган ташаббусларга эътибор қаратишни ўз ичига олади. ОИИБ ишининг истеъдодларни жалб қилиш дастурлари, масалан, Young Talent дастури, иш берувчиларнинг глобал брендинг тадбирлари ва иқтидорли одамларни жалб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган ваколатларни баҳолаш марказлари каби масалалар муҳокама қилинди.
“Келажакни очиш: инновацион молиялаштиришни ўрганиш” сессиясида эътибор асосан инфратузилмани ривожлантиришда инновацион молиялаштиришга қаратилди. Бу ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш ҳамда барқарор ва иқлимга мос ечимларни таъминлашда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Анъанавий молиялаштириш механизмлари кўпинча ортиб бораётган эҳтиёжларни, айниқса, кам даромадли мамлакатларда қондириш учун етарли эмас. Ижтимоий таъсирли инвестициялар, ижтимоий облигациялар ва давлат-хусусий шерикликлар каби инновацион ёндашувлар қўшимча ресурсларни сафарбар қилиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва молиявий бўшлиқни камайтириш учун янги имкониятларни очмоқда. Ушбу усуллар ҳукуматларга ва ҳомийларга муқобил молиялаштириш манбаларини топиш ва сифатли хизматлар кўрсатишни яхшилаш имконини беради.
Сессия ушбу йўналишдаги муаммоларни самарали ҳал қилиши мумкин бўлган инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва ўрганиш, хусусан, консессиявий молиялаштириш соҳасида ҳамкорлик ва билим алмашиш учун платформа тақдим этди.
“Соғлиқни сақлаш ва унинг иқлим, табиат билан ўзаро боғлиқлиги” мавзусидаги сессияда 2024 йилги ОИИБнинг Осиё инфратузилма молиялаштириш бўйича йиллик асосий ҳисоботининг дастлабки натижалари тақдим этилди. Сессия, инсон саломатлиги ва фаровонлигига катта таъсир кўрсатадиган антропоген иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликни муҳокама қилди. Глобал ҳарорат 1.2°C кўтарилганида, иқлим ўзгариши инсоният учун энг жиддий таҳдидлардан бири бўлиб қолади. Сессияда келгуси ўн йилликларда иқлим ўзгариши ва табиатнинг бузилиши бу салбий оқибатларни кучайтириши ва миллиардлаб одамларни экстремал об-ҳаво, касалликлар ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ таҳдидларга дучор қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар инфратузилма молиялаштиришида соғлиқ, иқлим ва табиат ўртасидаги боғлиқликни ҳисобга оладиган комплекс ёндашув зарурлигини билдирди.
“Хусусий капитални кафарбар қилиш: иқлим ва энергия алмашинувига инвестициялар” мавзусидаги панел муҳокамасида ривожланаётган мамлакатларда иқлим ва энергия ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун хусусий капитални жалб қилишнинг асосий стратегиялари муҳокама қилинди.
Панел муҳокамалари хусусий капиталнинг глобал барқарор энергияга ўтишидаги муҳим ролига қаратилди. Мутахассислар хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қандай стратегияларни қўллаш мумкинлиги хусусида сўз юритди. Қулай норматив-ҳуқуқий шароитлар, инновацион молиявий инструментлар ва хавфларни камайтириш механизмларини яратиш зарурлигини таъкидлади. Хусусий сектор энергия ўтишини сезиларли даражада тезлаштириши мумкинлиги қайд этилди, аммо бунинг учун аниқ давлат стратегиялари ва қўллаб-қувватлаш зарур.
Иштирокчилар ривожланаётган мамлакатларда инвесторлар дуч келаётган муаммоларни, жумладан, бозорнинг беқарорлигини, лойиҳаларнинг узоқ муддатли амалга оширилишини ва валюта хавфларини муҳокама қилди. Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик ва давлат институтларининг инвестиция хавфларини камайтириш орқали кафолатлар ва аралаш молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш муҳим омил сифатида таъкидланди.
“Қийинчиликларни енгиб ўтиш: Хитойдаги сув тошқини ва тикланишга жавоб” мавзусидаги сессияда табиий офатлар ва тошқинлардан кейинги инфратузилмани тиклаш бўйича чоралар муҳокама қилинди. Сессия давомида 2021 йил июлда Ҳенан провинсиясида юзага келган тошқинларнинг оқибатлари кўриб чиқилди.
Хитой ҳукуматининг сўровига жавобан, ОИИБ жабр кўрган ҳудудларни тиклаш учун тезкор кредит ажратди. Лойиҳага тошқинлардан ҳимоя стандартларини янгилаш, шаҳар сув чиқариш тизимларини яхшилаш ва тошқинлар учун тезкор жавоб тизимларини яратиш киради.
Лойиҳада ОИИБнинг яшил инфратузилма ривожлантириш ва технологияларни инфраструктура лойиҳаларига қўллаш бўйича устуворликлари ҳисобга олинган. Лойиҳанинг сув ресурсларини бошқариш, шаҳар ривожлантириш ва транспорт инфратузилмаси соҳаларидаги банк стратегиясига мос келади, иқлим ўзгаришларига мослашув ва чидамлиликка алоҳида эътибор қаратилган. Бу лойиҳа иқлим ўзгаришларига чидамлиликни ошириш бўйича чораларни ўз ичига олганлиги сабабли иқлим молиялашуви сифатида ҳам кўриб чиқилади.
Сессия якунида иштирокчилар лойиҳа нафақат тошқинлардан кейинги тикланишга ёрдам беришини, балки иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари ҳақида хабардорликни оширишга ёрдам беришини таъкидладилар.
Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг