Доғистонда отишма, зиёратчиларнинг ўлими ва Баҳрайн—Эрон алоқалари (видео+)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Доғистонда отишма содир бўлди
Доғистонда 23 июнь куни тунда Махачқалъа ва Дарбанд шаҳрида қуролланган номаълум шахслар православ черковлари, синагогалар ва йўл-патруль хизмати постига ҳужум қилди. Оқибатда 15 дан ортиқ полиция ходими ҳалок бўлди, жангарилар эса ўлдирилган. Доғистонда ҳолат юзасидан уч кунлик мотам эълон қилинди.
Миллий антитеррор қўмитаси Дарбанддаги отишмалар ярим тунгача давом этганини маълум қилган. Хабарларга кўра, 6 нафар жангари ўлдирилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари айтишича, жангарилар халқаро террорчилик ташкилоти аъзоларидир.
Ўлдирилган жангарилардан икки нафари Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ўғиллари, яна бир жангари эса унинг жияни экани айтилмоқда.
«Террорчилар яна бир бор ўзларининг ҳақиқий қабиҳ ва қўрқоқ табиатини кўрсатдилар. Доимгидек қуролсиз, ҳимоясиз одамларни қурбон сифатида танлади ва кекса руҳонийни ўлдиришди. Бўлиб ўтган воқеа қабиҳ провокация ва динлар ўртасида келишмовчиликни келтириб чиқаришга уринишдек кўринади. Жиноятни содир этганларнинг на иймони, на миллати бор. Уларни жойида йўқ қилиш керак», — деган Рамзан Қодиров телеграм каналида.
«Сионистик режим йўқ қилинади»
Исроил яқин орада «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши кураш бўйича керакли қарорлар қабул қилишини айтаётган бир вақтда гуруҳ қўлловчиси сифатида айтиладиган Эрон яҳудий давлатини Ливан билан бўладиган кенг кўламли урушда бутунлай йўқ қилишини маълум қилди.
«Босқинчи Исроил режимининг ўзини қутқариш бўйича ҳар қандай мулоҳазасиз қарори минтақани янги урушга олиб келиши, бунинг оқибатида Ливан инфратузилмаси ҳамда 1948 йилда босиб олинган ҳудудларнинг инқирозига етаклаши мумкин. Шубҳасиз, бу урушда битта мағлуб бўлади, у ҳам бўлса ционистик режимдир», дейилади Теҳрон баёнотида.
«Ҳизбуллоҳ» жанглар ҳеч қандай чекловларсиз бўлишидан огоҳлантирди. Шунингдек, гуруҳ Ўрта ер денгизининг ғарбида жойлашган, Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланадиган Кипрга ҳам таҳдид қилган. Маълум бўлишича, Исроил у ерда ҳарбий машғулот ўтказмоқда. Кипр ҳукумати эса маълумотлар ҳақиқатга асосланмаганлиги ва Ливан билан яхши муносабатда эканлигини таъкидлаган.
Ҳалок бўлган Ҳаж зиёратчилари сони ошди
Ҳаж зиёратида ҳалок бўлганлар сони 1301 кишига етди. Бу ҳақда Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган. Марҳумларнинг 83 фоизи керакли рухсатномаларсиз сафарга чиққан зиёратчилар эканлиги айтилган. Улар иссиқ об-ҳавода узоқ масофаларни босиб ўтган.
Марҳумлар Маккада ҳурмат ва эҳтиром билан дафн этилмоқда.
Ҳаж зиёрати бошланишидан олдин мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларни иссиқ об-ҳаводан огоҳлантириб шунга монанд тайёргарлик кўришини сўраган эди.
Баҳрайн ва Эрон алоқаларни қайта тиклашга ҳаракат қилиб кўради
Баҳрайн 2016 йилда Эрон билан алоқаларини узган эди. Аммо ўтган йили Саудия—Эрон яқинлашуви ортидан муносабатлар яхшиланди.
«Баҳрайн ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг Теҳронда бўлиб ўтган учрашувидан сўнг икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатларни тиклашга қаратилган музокараларни бошлашга келишиб олдилар», — деб хабар қилди Баҳрайн ташқи ишлар вазирлиги.
2016 йилда расмий Манама Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги кескинликдан кейин Теҳрон билан алоқаларни узган эди. Ўтган йили Хитой Саудия—Эрон муносабатларини тиклагандан сўнг Манама—Теҳрон алоқалари ҳам илиқлаша бошлади.
Эрон ахборот агентликлари хабар қилишича, июнь ойи бошида Баҳрайн Россия орқали Эрон билан дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича сўров юборган. Май ойида эса Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо Ал Халифа мамлакат Эрон билан муносабатларни яхшилашни интиқлик билан кутаётганини маълум қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг