ДХХ инсон органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош қилди

10:56 23 Сентябр 2025 Жамият
170 0

Фото: ДХХ

Инсон органларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган, Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан иборат жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилишича, жиноий гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топган. Шундан сўнг улар соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтирган.

Кейин эса чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатлардан биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширган. Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.

Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.

Шунингдек, жиноий гуруҳ томонидан жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.

Фото: ДХХ 

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур шахсларнинг жиноий фаолияти фош этилди.

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 133-1 (инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилиш шартларини ва (ёки) тартибини бузиш), 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 246 (контрабанда) ва 273 (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) -моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Билдирилишича, ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун суд органларига юборилган.

ДХХ фуқаролардан юқоридаги масалаларда ушбу жиноий гуруҳдан ёки бошқа шахслардан жабр кўрган тақдирда энг яқин ички ишлар органларига ёки «102» рақами орқали хабар беришларини сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?