Дидактик ўйин орқали болаларнинг жисмоний ва ижтимоий фаоллигини ривожлантириш ёхуд «Ҳаракатли эртак» орқали нимага эришиш мумкин?

12:59 26 Март 2025 Жамият
159 0

Бугунги кунда мактабгача таълим соҳасида болаларнинг фикрлаши, тасаввури ва ҳаракатларини уйғун тарзда ривожлантириш жуда муҳим масалага айланган. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, фаол ва эркин фикрлайдиган бўлиб улғайишини истайди. Бунга эришиш учун эса боғчаларда инновацион усуллардан фойдаланиш лозим. Энди фақат дарс ўтказиш эмас, балки ҳар бир машғулотда ижодкорлик, ҳаракат ва ўйин бўлиши керак.

Шундай янги, қизиқарли ва фойдали усуллардан бири — бу «ҳаракатли эртак» деб аталади. Бу нима дегани, дейсизми? «Ҳаракатли эртак» бу — болалар учун эртакни фақат эшитиб эмас, балки уни ўзлари саҳналаштириб, образга кириб, жонли ҳаракатлар орқали ифодалаб беришидир. Кимдир тулки бўлади, кимдир қуш, яна кимдир бўри ёки эчкича. Болалар бу образларга кириб, эртакда ўз ҳаракати, овози ва ҳис-туйғуси орқали «яшайди». Бу жараён эса уларнинг ўзига ишончини оширади, фикрини айтишга, ҳаракат қилишга, жамоада ишлашга ўргатади.

Ўйин — бу боланинг тили, ҳаракати эса унинг ифода воситаси. Катта одамлар дунёни китоб, янгилик, расм ёки видео орқали тушунса, бола учун энг табиий, энг тушунарли усул бу — ўйин. Айниқса, мактабгача ёшда бола ҳаракат қилсагина ўйлайди, ўйлаб топганини эса ҳаракат орқали намоён этади. Шу боис боғчада машғулотлар иложи борича жонли, қизиқарли ва болага яқин шаклларда ўтказилиши керак. «Ҳаракатли эртак» — мана шундай янги, самарали ва болаларга жуда ёқадиган усуллардан биридир.

Оддийгина айтганда, мазкур метод бу эртакни ўқиб ёки айтиб бериш эмас, эртаклар оламида «яшаш»дир. Тарбиячи эртакни гапириб беради, болалар эса ундаги ролларни ҳаракат билан ижро этади: бўри бўлиб юради, қуш бўлиб учади, қуёнча бўлиб сакрайди, тулки бўлиб чаққонлик қилади. Бу жараёнда ҳеч қандай махсус саҳна керак эмас — хаёл, тасаввур ва ҳаракат етарли. Бола образга киради, уни танаси, товуши, юз ифодаси орқали ифодалайди. Бу орқали бола нафақат эртакни тушунади, балки уни ичидан ҳис қилади.

«Ҳаракатли эртак»нинг энг катта фойдаси — бола фақат тингловчи эмас, иштирокчига айланишидир. Шу орқали у ўзини эркин тутишни ўрганади. Айниқса, тортинчоқ, кўп гапирмайдиган болалар учун бу услуб ажойиб ечим бўлади. Образга кирган бола ўзини бошқа киши сифатида тутади ва бу унга ички тўсиқларни енгишга ёрдам беради. Масалан, оддий ҳаётда жим турган бола саҳнада қўрқмасдан «Мен бўриман!» деб бақиради, югуради, ўзини кўрсатади. Бу эса унинг ўзига бўлган ишончини оширади.

Бу усулда болалар орасидаги мулоқот ҳам ривожланади. Улар бир-бирининг ҳаракатини кўради, кузатади, такрорлайди. Шу орқали улар ижтимоий кўникмаларни эгаллайди: навбат кутиш, тинглаш, тушуниш, образга ҳурмат билан қараш, хатога кулмаслик каби оддий, аммо муҳим одатларни ўзлаштиришади. Ўйин орқали бу нарсаларни ўргатиш эса жуда осон ва самарали.

Шунингдек, бу метод болаларнинг жисмоний фаоллигини оширади. Бугунги кунда кўплаб болалар телефонда ўтиришга, ҳаракатсизликка ўрганиб қолмоқда. «Ҳаракатли эртак» эса болани югуртиради, сакратади, рақсга туширади. Бу орқали унинг танаси чиниқади, мувозанат сақлаш, координация, тезлик каби жисмоний кўникмалар шаклланади. Шу сабабдан бу услубни оддий дарс ёки эртак соатининг ўрнига эмас, балки улар билан уйғунлаштириб бериш тавсия этилади.

Яна бир жиҳати — бу услубда ижодий фикрлаш ҳам кучаяди. Бола ролдан чиқмай туриб, янги ҳаракат ўйлайди, воқеанинг давомига ўзча якун қилади, бошқа ҳайвонни қўшади, эртакни ўзгартиради. Бу эса боланинг тасаввури, мустақил фикрлаши ва топқирлигини ўстиради. Ҳозирги замон боласи мустақил, тез фикрлайдиган, ижодкор бўлиши керак — бу усул эса айнан шунга хизмат қилиши мумкин.

Кўпчилик ота-оналар ва ҳатто айрим тарбиячилар мен назарда тутган методни амалда қийин эканлигини айтиб келади. Уларнинг фикрича, болалар билан тартибни сақлаш қийин, улар эркинроқ ҳаракат қилишни истаб метод амалга ошмай қолади. Фикримча эса, аслида бу эркинлик ичида интизом бор. Бола роллар асосида ҳаракат қилаётганида ўзини назорат қилади, ролдан чиқмасликка ҳаракат қилади, яъни ички тартибни ўрганади. Бундан ташқари, тарбиячи томонидан олдиндан берилган қоидалар, роллар тақсимоти ва тартибли ўйин давомида ҳамма нарса назорат остида бўлади.

Кўп йиллар давомида болаларнинг ривожланиши ҳақида гап кетганда, уларнинг ақлий салоҳияти, хотираси ёки билимга бўлган қизиқиши ҳақида кўпроқ фикр юритилган. Аслида эса, боланинг тўлиқ шаклланиши учун ҳаракат, ўйин ва ижодий ифода сингари жиҳатлар ҳам шунчалик муҳим. Айнан шундай жиҳатларни ўзида жамлаган самарали воситалардан бири — саҳна кўринишлари асосидаги дидактик ўйинлар, яъни «ҳаракатли эртак» моделидир. Бу метод болаларнинг шахсий ривожида кўп қиррали фойда беради.

Аввало, бу усул болани эркин ҳаракат қилишга, ўз фикрини ҳаракат орқали айтишга ўргатади. Ҳар бир бола ўзининг образини танлайди, унга киради ва шу орқали ўзини бошқа одамлар олдида тутиш қобилиятини ривожлантиради. Америкалик педагог Сара Смилански ўз тадқиқотларида драматик ўйинлар болаларда эмпатия, яъни бошқаларни тушуниш, уларнинг ҳолатига киришиш қобилиятини кучайтиришини таъкидлайди. Бу айниқса жамоада ўйнаш, ролда ҳаракат қилиш ва бир-бирига мослашиш орқали амалга ошади.

«Ҳаракатли эртак» болаларни фақат эшитувчи эмас, балки ҳаракат қилувчи, тасаввур қилувчи ва фикрловчи қатнашчиларга айлантиради. Масалан, оддийгина «Қизил қалпоқча» эртагини олайлик. Бола бу эртакда бўрининг ёки бувининг ролини ўйнаётганда фақат матнни ёд олмайди, балки ўша образга мос оҳанг, тана ҳаракати, юз ифодаси ва ҳиссиётни ўрганади. Бу эса бола ички дунёсининг очилишига олиб келади. Жан Пиаже, машҳур француз психологи, айнан шундай жараёнларни «фикрни ҳаракат билан боғлаш» деб атайди ва бу босқични боланинг ақлий ўсишида муҳим деб билади.

Яна бир жиҳат шундаки, бундай саҳна ўйинлари болаларда ўзаро ҳамкорлик ва жамоавийлик руҳини шакллантиради. Ҳар бир бола ўз ролини бажараётганда, бошқаларга мослашади, навбатни кутади, ҳурмат қилади. Бу эса энг оддий ҳаётий қадриятларни ўз-ўзидан сингдиради. Буюк Британиянинг Кембриж университети олимлари, хусусан, Дэвид Уайтбред бошчилигидаги гуруҳнинг «Play and Learning in the Early Years» номли тадқиқотида айнан жамоавий ўйинлар орқали болаларда ижтимоий хулқ ва мулоқот кўникмалари анча юқори даражада шаклланиши қайд этилган.

Болалар билан ҳар куни ишлайдиган тарбиячи сифатида доим бир саволни ўйлайман: Қандай қилсак, машғулотлар болаларга қизиқ, фойдали ва эсда қоларли бўлади? Ўзим ҳам китоб ўқиб, янги усуллар излаб юраман, бошқа боғчалардаги тажрибаларни кузатаман, ота-оналар билан суҳбатлашаман. Ва шундай кунларнинг бирида «ҳаракатли эртак» услубини синаб кўришга қарор қилдим. Бу тажрибам ўзим учун ҳам, болалар учун ҳам кутилганидан ҳам яхши натижа берди.

Биринчи бўлиб, машҳур халқ эртаклардан бирини танладим: «Бўри ва эчки болалари». Бу эртакни бирга ўқиб чиқдик, кейин болалар ўртасида ролларни тақсимладик: кимдир она эчки бўлди, кимдир бўри, бошқалар эса эчкичалар. Болалар ўз ролларини ҳаракат билан ифодалашга тайёрлана бошлашди. Ўзим бунга бошида бироз шубҳа билан қарагандим, аммо машғулот бошланиши билан кўплаб болаларда кутилмаган фаолликни кўрдим.

Оддий ҳаётда камгап, тортинчоқ бўлган бола саҳнада энг фаол иштирокчилардан бирига айланди. У бўрининг ролини олди ва жуда жонли ижро қилди. «Мен бўриман, эшикни очинг!» деб товуш чиқарганида бошқа болалар роса қойил қолди. Бу болада ўзига ишонч пайдо бўлди. Кейинчалик у бошқа машғулотларда ҳам фаол иштирок эта бошлади. Бу — «ҳаракатли эртак»нинг кучи эди.

Яна бир кузатувим шундан иборатки, болаларнинг мулоқот қилиш даражаси кескин ошди. Олдин фақат ўз дўстлари билан ўйнайдиганлар бошқа гуруҳ аъзолари билан ҳам яқинлашди. Ролларни танлаш, навбат кутиш, бошқа болага ёрдам бериш орқали улар ўзаро ҳурмат, диққат, бирдамлик каби муҳим ижтимоий одатларни эгаллашди. Бу ўзгаришларни нафақат мен, балки ота-оналар ҳам сезишди. «Бола уйда ўз-ўзидан эртак айтиб, образларга кирадиган бўлди», дейишди.

Ушбу услубни синаб кўриш жараёнида мен ўзимнинг муаллифлик моделимни ишлаб чиқдим. Моделим қуйидагича тузилган:

1. Эртак танлаш — болаларга таниш ва мазмуни бой бўлган халқ эртаклари асосида;

2. Ролларни тақсимлаш — боланинг хоҳиши, характери ва темпераментига қараб;

3. Ҳаракатли ифода — қадам, оҳанг, имо-ишора, товуш, мимика орқали;

4. Саҳналаштириш — оддий хонада, ҳеч қандай декорациясиз, лекин тўла иштирок билан;

5. Муҳокама қилиш — машғулотдан сўнг болалар билан ўз образлари ҳақида гаплашиш.

Бу модель ҳеч қандай қиммат воситаларни талаб қилмайди. Муҳими — тарбиячи ижодкор бўлиши, болага ишониши ва озгина сабр қилишидир. Канадалик таълимшунос Карл Леггонинг айтишича, «Ўқитувчи ижодкор бўлмаса, бола ҳам ижодкор бўлолмайди. Бола унинг кўзгуси.» Айнан шу сўзлар ҳаракатли эртак услубининг асоси бўла олади. Чунки бунда тарбиячи болага кўрсатмайди — бирга яшайди.

Ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибдики, ҳар бир бола ўзига хос. Кимдир гапиришни яхши кўради, бошқаси эса ҳаракатда фаол. Яна кимдир ички дунёси билан яшайди, ўз ҳис-туйғуларини ташқарига чиқаришга қийналади. Тарбиячи эса ана шу фарқларни англаб, ҳар бир болага алоҳида ёндашиши, уларнинг табиий салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам бериши керак. «Ҳаракатли эртак» — айнан мана шундай имкониятни берувчи услуб бўлиб, бола билан бирга ўрганиш, ҳис қилиш ва ижод қилиш жараёнидир.

«Ҳаракатли эртак» методи катта маблағ ва махсус жиҳоз талаб қилмайди. Махсус декорациялар, костюмлар шарт эмас — бола ўз тасаввури орқали бу оламни ўзи яратади. Болаларнинг тасаввури эса чексиз. Тарбиячининг ишончи, ижоди ва сабри — бу методнинг асосий «воситаси» бўлиб хизмат қилади. Кам ресурс эвазига катта натижа олиш мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги амалий таклифларни илгари суриш мумкин:

Биринчидан, ҳар бир мактабгача таълим муассасасида ҳафтасига бир кунни «Ҳаракатли эртак куни» деб белгилаш. Бу кун болалар ўзлари танлаган эртакни ҳаракат билан ифодалашади, ўз образларини яратишади.

Иккинчидан, тарбиячилар учун ушбу услуб бўйича семинар-тренинглар, очиқ дарслар ва тажриба алмашувлар ташкил қилиш. Амалий машғулотлар орқали бу услуб кенг оммалаштирилади.

Учинчидан, эртак асосидаги қисқа сценарийлар, рўйхатлар ва йўл-йўриқларни жамлаган методик қўлланмалар тайёрлаш. Бу тарбиячиларга амалий ёрдам бўлиши мумкин.

Тўртинчидан, ота-оналарни ҳам жалб қилиб, уйда фарзанд билан бирга «ҳаракатли эртак» ўйнашни тавсия этиш. Бу бола ва ота-она ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлайди, уй муҳитини ижодий ва соғлом қилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Ҳаракатли эртак» модели — бу ўйин, нутқ, саҳна ва ҳис-туйғуни ўзида мужассам этган, болани чуқур англаш ва унинг шахсий ривожини таъминлашга қаратилган ижодий ёндашувдир. У нафақат бола учун, балки тарбиячининг ўз касбига бўлган муносабатини ҳам ўзгартиради. Ҳар бир машғулот — бир санъат, ҳар бир бола эса чексиз имкониятлар оламидир. Шундай экан, тарбиячи сифатида ҳар куни болалар билан бирга ижод қилиш — келажак учун энг эзгу сармоядир.

Нафиса Амонова,

Зарафшон шахар 2-ДМТТ тарбиячиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?