Диарея болаларда қандай белгилар билан намоён бўлади?

12:24 02 Ноябрь 2020 Жамият
57380 0

Мураккаб иқлим шароитига эга юртимизда аҳоли, айниқса, болалар орасида юқумли ичак касалликлар кўп учрайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент тиббиёт академиясининг болалар юқумли касалликлари кафедраси доценти Гулнора ХУДОЙҚУЛОВАнинг шу мавзудаги фикрларини тарқатди.

— Болалар ўртасида кўп учрайдиган юқумли ичак касалликлари ва уларнинг турлари ҳақида маълумот берсангиз.

— Болалар ўртасида диарея, яъни, ичбуруғ касаллиги кўп учрайди. Диареянинг бактерияли ва вирусли турлари бор. Унинг бактерияли тури солмонеллёз, дизентерия, ичак таёқчаси, шартли патоген микроорганизмларнинг организмдаги мувозанати бузилиши туфайли юзага келади. Вирусли тури эса озиқ-овқат ва ҳаво орқали юқади. Бу касалликларнинг юқишига, асосан, тозалик, шахсий гигиенага етарли риоя этмаслик, сувни қайнатмай ичиш, сифати талабга жавоб бермайдиган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, мева-сабзавотларни тозалаб ювмай, сифатига эътибор бермасдан ейиш сабаб бўлади.

— Диарея болаларда қандай белгилар билан намоён бўлади?

— Боланинг ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади, ичи кетади. Баъзи ота-оналар боладаги бу хасталикни ўз-ўзидан ўтиб кетадиган ҳолатдек қабул қилишади. Лекин баъзида касаллик шунчаки вақтинчалик «беркинади» ва қулай фурсатни пойлайди. Гоҳида эса касаллик шунчалик кучли намоён бўладики, зудлик билан даво чораларини кўрмаса бўлмайди.

Бола организми жуда тез сувсизланиб қолади, кўп миқдорда суюқлик йўқотиш оқибатида модда алмашинув жараёни ва бошқа аъзолар фаолияти ҳам бузилади. Биринчи галда асаб тизими ва ошқозон-ичак тракти иши зарар кўради. Диарея хавфини назар-писанд қилмасликнинг оқибати яхши эмас. Дунё статистикасига кўра, диарея билан кечадиган касалликлардан ҳар йили 5 миллион бола вафот этади. Бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфлидир.

— Диареянинг хавфлилик даражасини қандай белгилар орқали билиш мумкин?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу борада тўртта энг оддий усулни тарғиб этади. Яъни, боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқларнинг осилиши ва кўкариши, қорин соҳасида тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар диареянинг оғир даражасидан далолат. Бундай вазиятда зудлик билан «тез ёрдам» чақириб болани юқумли касалликлар шифохонасига етказиш лозим.

— Баъзи ҳолатларда боланинг ичи кетса ҳам тана ҳарорати кўтарилмайди. Бу ниманинг белгиси?

— Бу иммун тизимининг кучсизлиги, организмнинг ёт инфекция ва вирусларга қарши курашиш қобилиятининг пастлиги ифодасидир. Бундай вазиятларда ҳам зудлик билан болани тегишли шифокор кўригига йўллаб, соғломлаштириш чорасини кўриш керак.

— Ичкетар бўлган боланинг ахлатига қараб юқумли касалликнинг қайси тури билан касалланганини билиш мумкинми?

— Ҳа, билиш мумкин. Агар ахлат ранги пушти бўлса дизентерия, яшил бўлса организмда стафилококк ёки сальмонеллёз кўпаяётганини англатади. Кулранг кўпикли ахлат эса организмда ротавирус борлигининг белгиси. Ахлатда ёғ ва ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари бўлса, болага истеъмол қилган қайсидир таоми ёқмаганини билдиради. Агар ахлат ўзига хос ранг ва ҳидли бўлса дисбактериоздан нишона бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда болани врач кўригидан ўтказиб, касалликка аниқ ташхис қўйиш ва даволаш лозим.

— Ичкетарни уйда гуручни қайнатиб, қатиқ билан аралаштириб ичиш орқали даволаш мумкинми?

— Касалликнинг енгил турида бу усул яхши самара беради. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу усулни хонадон шароитида диареянинг енгил турини даволашда қўллашни тавсия этади. Бироқ касалликнинг оғир турларида бу билан чекланиш кифоя эмас. Болани албатта шифокор кўригига олиб бориб соғломлаштириш керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?