Депутатлар томонидан «яшил» зоналарни ҳимоя қилиш учун тайёрланган қонун лойиҳасининг «тақдири» нима бўлди?

12:02 07 Январь 2025 Сиёсат
129 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси аҳолининг дам олиш масканлари ва кўкаламзор ҳудудларини сақлаб қолиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашни мақсад қилиб қўяди.

Лойиҳага кўра, давлат мулки ҳисобланган ерларда бинолар ва иншоотларни қуриш, уларнинг ҳудудини қисқартириш, ёки ерларни бегоналаштириш тақиқланади. Шу билан бирга, фақат енгил турдаги объектларни қуришга рухсат берилиши белгиланди. Бу орқали экологик мувозанатни сақлаш ва аҳолининг маданий эҳтиёжларини таъминлаш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан йиғилишлар ва семинарлар ташкил этилди. Депутатлар томонидан киритилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, асосли деб топилганлари лойиҳа матнига киритилди. Ушбу жараён ҳужжатнинг ҳар томонлама пишиқ-пухта тайёрланишини таъминлади.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси «яшил» зоналарни муҳофаза қилиш, экология ва атроф-муҳитни яхшилашда муҳим қадам эканини таъкидладилар. Қонун қабул қилиниши натижасида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш ҳудудларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошади ва уларнинг сифатли дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг эҳтиёжларини қондириш, экологик муҳитни яхшилаш ва келажак авлод учун тоза табиатни сақлаб қолиш мақсадларига хизмат қилиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Эндиликда лойиҳа сўнгги босқичга тайёрланиб, парламентнинг юқори палатасига юборилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?