Депутатлар ўқитувчилар билан очиқ мулоқот ўтказди

13:26 27 Февраль 2022 Жамият
1054 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида «Мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш, мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Ушбу очиқ мулоқот Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят халқ таълими масъул ходимлари, мактаб директорлари ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирни ЎзЛиДеП Қашқадарё вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Арзиқул Шеров очар экан, бундай очиқ мулоқотларни ташкил этишдан кўзланган мақсад бевосита таълим жараёнининг ичида юрган ўқитувчилар фикрларини, таклифларини тинглаб, зарур хулоса чиқаришга қаратилганини айтиб ўтди.

— Педагог-кадрлар билим ва малакасини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси бўлиб турибди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Гулшана Худоёрова. — Бугун ўқитувчилар билан дилдан, очиқ мулоқот қилиб шу нарсага амин бўлдимки, биз янги қонунлар ишлаб чиқишда биринчи галда мактабларга кириб боришимиз, ўқитувчилар дилидаги фикрларга таянишимиз лозим экан. Очиқ мулоқотда яна шу нарса аён бўлдики, мактабларда билимли ўқитувчилар кўп, шу билан бирга ўз соҳасини чуқур билмайдиган, мактаб ва таълимдан узоқ соҳа вакиллари ҳам дарс бериб юрибди. Мулоқотда айтилганидек, ўқувчи билимини назорат қилишда ота-она мажбуриятини ҳам кучайтириш керак.

Шунингдек, очиқ мулоқотда ўқитувчилар имижини яратиш, ўқитувчи ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш, ўқитувчини ишга олишда талабни кучайтириш, ўқитувчи сифат кўрсаткичларини доимий назорат қилиб бориш, мансабдорнинг яқин қариндоши бўлган ўқитувчилар ўз устида ишлашида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, мактабда учинчи шахс аралашувига йўл қўймаслик каби масалалар ўртага ташланди.

Билдирилган таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида кўриб чиқилиши учун қайд этилди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?