Депутатлар 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар

19:33 06 Ноябрь 2023 Сиёсат
206 0

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, давлат бюджети мамлакатнинг пул даромадлари ва харажатлари рўйхатини ўзида ифодаловчи асосий молиявий ҳужжатдир. Шу боис, охирги йилларда бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бюджетга оид алоҳида қонуннинг қабул қилиниши эса бутун мамлакат тараққиёти ва ҳар бир фуқаро ҳаётига бевосита дахлдор бўлган масалага яна ҳам долзарб масала сифатида қаралаётганидан далолат беради.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг асосий мақсади 2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

17 моддадан иборат қонун лойиҳасидан келгуси йилда мамлакатимиз давлат бюджетининг асосий параметрлари жой олган. Қонун лойиҳаси билан маҳаллий давлат органларининг мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар балансини таъминлаш мақсадида Солиқ қўмитасининг ҳудудий органларини, Кадастр агентлигининг ҳудудий органларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарини ҳамда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларни сақлаш харажатлари, шунингдек, суд бошқарувлари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилиши белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг ҳар бир моддасини синчиклаб таҳлил қилар экан, партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Хусусан, фракция аъзоси Адҳам Назирқулов Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, ортиб қолган маблағни эса бошқа харажатларга йўналтириш мумкинлигига оид саволни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари мазкур савол юзасидан асослантирилган жавоблар беришди.

Фракция аъзоси Равшан Мамутов эса сув омборлари ва сув омборлари хавф даражаси юқори бўлган объектлар учун техник ҳолатни яхшилашга тегишли маблағ ажратилаётгани, яқинда қабул қилинган “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунда хавфсизликни таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар белгилангани, унинг ижроси бўйича лойиҳада қандай чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда, деган савол билан мурожаат қилди. Масъул вазирлик вакиллари кўтарилган савол юзасидан тушунтиришлар берди.

Депутатлар Нодир Абдувалиев, Дониёр Ғаниевлар ҳам қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволларни ўртага ташлашди ва мутасаддилардан ушбу масалалардан изоҳлар сўрашди.

Депутатлар Н.Абдувалиев, Д.Ғаниевлар ҳам қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволларни ўртага ташлашди ва мутасаддилардан ушбу масалалардан изоҳлар сўрашди. Қизғин баҳс-мунозара ва узоқ давом савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги масала —2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўлди.

Депутатлар ҳисоботни кўриб чиқиш чоғида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисобот даврида “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури” тасдиқлангани, унинг доирасида сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш бўйича умумий қиймати 33,6 млрд. сўмга тенг 20 та лойиҳа молиялаштирилгани фракция аъзолари томонидан алоҳида қайд этилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида ЎзЛиДеП сайловолди дастурининг яна бир муҳим йўналишларидан бири — қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган самарали ишлар ҳам депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Ўтган даврда деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш мақсадида тасдиқланган чора-тадбирлар дастурлари доирасида 88,6 минг гектар ер майдонлари “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танловларга чиқарилган ҳолда, 236,9 минг нафар ғолибларга ажратиб берилгани алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан Давлат дастурининг ижроси юзасидан қатор саволлар берилди, асосли таклифлар билдирилди. Депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга тегишли вазирликлар масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер