Депутат — журналист ёки блогерга душман эмас!
Очиғи, бу ҳақида алоҳида урғу бериб ёзиш ниятим йўқ эди. Аммо, kun.uz кеча тунда эълон қилган бир хабар ва бир мақолани ўқигач, баъзи фикрларни айтиб ўтмасам бўлмас. Ҳар қалай, юқоридаги ҳар икки чиқишнинг мавзуси битта – қонун ижодкорлиги жараёнларига жамоатчилик муносабати. Бу жуда яхши, албатта ва бундан хурсандман.
Гап шундаки, амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритилаётган ва айтганимдек «кун» мавзусига айланган ўша қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бириман. Лойиҳа нималарни кўзда тутишини, қайси қонунчилик ҳужжатининг қай моддасига қандай ўзгаришлар таклиф этилаётганига яна тўхталиб ўтирмайман, шундоғам бу жамоатчиликка маълум.
Лўнда хулосаларимни билдирсам.
Ёшлар парламенти аъзоларининг куни-кеча ўтказилган ҳисобот йиғилишида «бир қатор аъзоларимиз билан муҳокама қилдик» дея ёшлардан кимдир (!) қонун лойиҳасига танқидий муносабат билдирибди. Раҳмат, шу инсонга.
kun.uz ахборотини ўқиган одам, Ёшлар парламентининг йиғилиши кун тартиби фақатгина шу қонун лойиҳасидан иборат бўлганидек тушунади. Ҳатто, бу «мих сарлавҳага» олиб чиқилган. Йиғилишга қонун лойиҳасининг нима алоқаси бор, дейишим ноўриндир, лекин 2020 йилга бағишланган ҳисобот йиғилиши эндигина (2021 йил февраль ойида) кўтарилаётган қонунчилик ташаббуси бўйича муҳокамалар, савол-жавоблардангина иборат бўлмагани маълум-ку? Президент ташаббуси билан ташкил этилган шундай муҳим ва янги институтнинг илк катта анжуманига ОАВ муносабати кенг майдон бўлиши керак эди! Биргина танқидий муносабат эгасини ҳам «деди кимдир» шаклида абстрактив муаллифга айлантириш ахборот этикасига хос очиқлик ҳам эмас. Ким шу одам, ўғилми-қизми, қонун ташаббускори сифатида, масалан, мен учун муҳим. Шундай фаол ва изланувчан ёшлар билан ишлаш мақсадида ёш парламентарийларни шакллантирганмиз, ахир.
Яхшики, Сенатимиз раиси, муҳтарама Танзила Нарбаева муносабатга жавобан ҳеч кимга эркинлик учун тўсиқ қўйилмаслигини, қонун сўз ва фикр эркинлигига қарши бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, «бу ерда қандайдир тушунмовчиликлар бордир», дея аниқ изоҳ берибдилар.
Иккинчиси, kun.uz бир қатор журналист ва блогерлардан олинган интервью шаклида юқоридаги қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар, эътирозларни жамлаб эълон қилибди. Уларнинг кўпларини кузатиб бораман ва жуда ҳурмат қиламан, айримлари билан яқин танишдекмиз. Раҳмат, ОАВга, блогер ва журналистларга ҳам. Тўғри ва ўринли қарашлар берилган.
Тўғри, қонун лойиҳасида илгари сурилаётган ташаббусларда камчиликлар, айрим ғализликлар бордир. Аммо, бу ҳали концепция даражасида. Моддама-модда муҳокама ва таҳлил жараёнлари олдинда, бу борада ОАВ ва жамоатчилик фикрлари бизга жуда керак бўлади.
Содда қилиб айтганда, қонунчилик таклифи сўз масъулияти ва ахборот тарқатишнинг ҳуқуқий меъёрларини билатуриб, ё аноним тарзда, ёки ғараз ниятларда бузиш – қачонки, бу оммани қонунларга бўйсунмасликка оммавий даъват этиш ва жамиятни оломонга айлантириб хаосни келтириб чиқаришга олиб келсагина амал қиладиган чекловчи нормалардан иборат.
Шунинг учун, бунга у даражада сиёсий тус бериш, эркинликни чеклаш ёки билимсизлик деб баҳолаш ҳам унчалик тўғри эмас. 4-5 йил олдин жамиятимизда мавжуд сўз ва фикр эркинлиги қай даражада бўлганини бир биз эмас, дунё ҳам билар эди-ку. Ҳақ деб билган фикрни ёзиш тугул айтишга ботинмаган қанча журналистларимиз бўлган? Бугун бу борада катта ўзгариш борлигини такрорламай қўяқолай. Энди, ўзини, жамиятни ва қонунни ҳурмат қилган, очиқлик майдонида мағрур ва ҳақиқатгўй журналистларни ёки блогерларни жавобгарликка тортиш ҳеч қанақасига мумкин эмас! Буни ҳаммамиз биламиз ва энди, ортга ҳам йўл йўқ.
Қонунларимизга мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқига эга. Лекин, фойдаланилаётган ахборот ҳеч кимга зарар етказмаслиги шарт ва ундан фойдаланилганлиги ошкор қилиниши кераклиги ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган.
Ташаббусни муҳокамага киритишдан олдин анча вақтгача таҳлиллар қилинди. Тўғриси, бу лойиҳа устида нақ 10 ой ишланди. Қатор ривожланган мамлакатларда мавжуд бўлган муҳим бир амалиёт миллий қонунчиликда назарда тутилмагани ташаббускорлар эътиборига тушди. Яъни, ижтимоий тармоқларда турли санкцияланмаган тадбирлар, оммавий тартибсизликлар, низоли ҳолатлар ва тушунмовчилик келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар хил чақириқлар, даъватлар билан чиқиш, ёки бундай ҳолатлар ифодаланган воқеа-ҳодисалар ва жараёнларга боғлиқ ахборотлар (шафқатсизлик, зўравонлик, жанжал, халқлар ёки миллатлар ўртасидаги тўқнашувлар ва ҳ.к.) тарқатиш деярли барча мамлакатларда қонунлар билан таъқиб қилинади. Бундай ахборотларга тўғридан-тўғри жамоат хавфсизлигига хавф солувчи, оммавий тарздаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга сабаб бўлувчи, аҳоли ва ёшлар онгига салбий руҳий таъсир кўрсатувчи омил сифатида қаралади, қатъий қоидалар амал қилади.
Хусусан, жаҳон тажрибасида Корея, Хитой, Россия, Беларус, Украина, Арманистон, Австрия, Франция, Германия, Швеция каби давлатларда жамоат хавфсизлигига хавф солувчи, қонунга бўйсунмаслик, оммавий тартибсизликлар акс этган материалларни бошқа мақсадларда тайёрлаш ва тарқатишга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган. Мисол учун, Германияда оммани қонунга қарши ишларни содир этишга чорловчи материалларни тарқатганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки катта миқдордаги жарималар белгиланган бўлса, Хитойда 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
Умуман олганда, депутат ёки сенатор – журналист ва блогерга душман эмас! Аксинча, жамиятда эркинлик, очиқлик ва қонуний манфаатлар ҳимояси йўлида бир-бирини тўлдириб турувчи тандем куч, менимча.
Ахборот тарқатишда – масъулият, уни истеъмол қилишда – маданият кераклиги тобора юзага чиқмоқда. Ахборот соҳасида ҳам дунёда эътироф этилган соғлом жамият ва умуминсоний қадриятлар устувор бўлиши керак.
Қонун ижодкорлиги соҳасидаги ҳар қандай таклифлар талқинини холис позициядан туриб очиб беришни ОАВ ва ижтимоий тармоқдаги блогерлар қанчалик уддалаётганига ҳам, депутат фаолиятига ҳам қанчалик баҳо бериш азиз халқимиз ихтиёридаги масала бўлиб қолаверади. Бунисига ҳаммамиз розимиз.
Умиджон Жабборов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг