Деновда миллий таомлар сайли ўтказилади

15:30 11 Сентябр 2025 Жамият
117 0

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Сина” маҳалласида анъанавий миллий таомлар сайли бўлиб ўтади. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур тадбирда шаҳар ва туманларнинг ўзига хос таомлари, уларни тайёрлаш усуллари, кулинарияга оид анъана ва удумлар кенг намойиш қилинади. Ҳар бир ҳудуд миллий услубда безатилган павильонларда ўз ҳунар ва таомлари билан иштирок этади.

Сайл давомида фольклор-этнографик жамоалар ва миллий чолғу асбоблари ижрочилари, ёш санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Шунингдек, анъанавий халқ ўйинлари ва турли мусобақалар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Бу нафақат завқ, балки миллий қадриятларга бўлган қизиқишни янада оширади.

Тадбир якунларига кўра, “Энг яхши таом”, “Энг яхши ошпаз” ва “Энг кўп миллий таом тайёрлаган ошпаз” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, улар диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

— Мазкур сайл орқали нафақат миллий таомларимиз кенг тарғиб этилади, балки халқимизнинг бой маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари янада кенг оммага таништирилади, — дейди вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов. — Бу эса ички ва ташқи туризм ривожига, маданий ҳудудий саёҳатларнинг кенгайишига хизмат қилади. Шубҳасиз, бундай тадбирлар орқали юртимизнинг ҳар бир гўшасига хос таом маданияти, миллий анъаналар ва маҳаллий меъморий-этнографик хусусиятлар ҳам янада намоён бўлади.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?