Денис ДЕЛИ, шоир ва адабиётшунос (АҚШ): Ғарбда Алишер Навоий асарларини ўқишга эҳтиёж катта

11:51 05 Апрель 2018 Маданият
17514 0

Бобокалонимиз Алишер Навоий ижоди хорижий мамлакатларда ҳам севиб ўқилиб, асарлари бот-бот таржима қилинмоқда. Америка Қўшма Штатларининг Массачусетс штатида истиқомат қилувчи адабиётшунос, ёзувчи ва шоир Денис Дели кўп йиллик изланишлари туфайли Алишер Навоийнинг ғазалларини инглиз тилига ўгирди ҳамда “Cervena Barva Press” нашриётида “Алишер Навоийнинг йигирма бир ғазали” (“Twenty one ghazals by Alisher Navoiy”) деб номланган китобни чоп эттирди.

Тўплам хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Мухбиримиз яқинда Америка Қўшма Штатларида бўлганида, Денис Дели билан учрашиб, унинг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди. 

— Қизим Женифер Дели 2001 йилда Урганчда ишларди, — дейди Денис Дели. — Мен уни кўриб келиш ниятида мамлакатингизга сафар қилдим.  Мўйноқ, Орол денгизи, Самарқанд, Бухоро, Хива, уларнинг маҳобатли тарихи, муқаддас қадамжолари билан танишдим. Ўзбекистон ҳақидаги илк таассуротларимни  ўша кезларда олганман. Бир куни қизим сафар давомида Алишер Навоий шеърияти ва у яшаган замон — темурийлар даври ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг Навоий ижоди ва шеъриятига қизиқиб қолдим. Кейинчалик АҚШнинг нуфузли кутубхоналарига бориб, Навоий ҳақида кўпроқ маълумот тўплашга ҳаракат қилдим. 

Алишер Навоий — буюк шоирлардан бири. Италияликлар учун  Данте қанча қадрли бўлса, Навоий ҳам ўзбеклар учун шунчалик буюк шахс. Қисқа вақт ичида унинг барча ижоди билан танишиш мушкул. Бунинг учун бир инсоннинг умри етмайди. Мен унинг инглиз, рус, француз тилларидаги таржима асарларини кўздан кечирдим.  

Англадимки, Алишер Навоий ижодига бутун дунёнинг қизиқиши ҳамон давом этиб келмоқда. Улуғ шоир ижодининг бир қатрасини кашф қилган киши борки, ҳайратини яшира олмайди. Тезроқ Навоий ҳақида замондошларига хабар бергиси, унинг ёзганларини ўз она тилига ўгиргиси келаверади. Мен бунга аминман. Масалан, мамлакатингизда  Алишер Навоий ижоди ҳақида илмий тадқиқот олиб борган канадалик Ҳарри Дик Навоийга “Дунёни маънавий таназзулдан қутқара оладиган кўнгил боғининг боғбони” дея таъриф беради ва “Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига таржима қилади. Булар қаторига “Фарҳод ва Ширин”ни украин тилига таржима қилган шоир Николай Бажан, поляк таржимони Януш Кжижовскийни ҳам қўшиш мумкин.   

Навоий ижоди шунчалик серқирраки, унинг таржимасига қўл уриш учун, аввало, ислом дини ғояси ва қарашлари, туркийлар маданияти, яшаш тарзи, сўзларнинг келиб чиқиш этимологиясини ҳам билиш жуда зарур экан. Қисқаси, Алишер Навоий ўз ижоди билан менга чинакам  изланишни ўргатди. Таржима жараёнида ҳатто бир сўз учун неча кунлаб китоб варақлашга, шарқшунос дўстларимдан маслаҳат сўрашга тўғри келди. Билдимки, дастлаб Навоий ғазалларининг асл маъносини тўлиқ тушуниб, ҳис этиш керак экан. Кейин асл маънодан узоқлашмаган ҳолатда назм баёнига ўтдим. Шу тариқа жуда машаққат билан ҳазратнинг 21 ғазалини инглиз китобхонларига тақдим этдим. Бор имкониятимни ишга солдим. Тўпламдаги баъзи ғазаллар таржимасида анча қийналдим, буни тан оламан. Чунки уларда ишқий туйғулар замирида илоҳий ишққа ишора мавжуд. Икки ҳолатни ҳам таржимада етказиб бериш ниҳоятда қийин. Навоий ижодининг ўзига хос жиҳати аслида мана шунда, деб ўйлайман.

Китоб нашр этилгач, унга бўлган қизиқиш ошиб кетди. Ўзимдан сўровчилар ҳам кўп бўлди. Натижада имкон қадар уни кўпроқ таржима қилиш керак,  деган хулосага келдим.    

Қизимнинг ўзбек, рус тилларини билиши менга Навоий ғазалларининг инглиз тилидаги бадиий матнини яратиш имконини берди. Таржимам мукаммал даражада, деб айтолмайман. Бироқ шоир ижодини имкон борича тезроқ америкаликларга, оз бўлса-да, етказа олдим. 

Албатта, Навоий асарларини инглиз тилига янада кўпроқ  таржима қилиш учун менга инглиз ва ўзбек тилини пухта биладиган ҳамкорлар керак. Ўзбек олимлари ва адабиётшунослари билан ҳамкорлик қилиш ниятидаман. Чунки  Гарвардда илмий тадқиқот олиб борган кезларимда университет кутубхонасида Навоийнинг турк тилидаги таржимасини кўрганман. Ҳали ўрганилгани йўқ. Навоийдек улуғ ижодкорни ғарбликларга кўпроқ таништириш учун эса менинг кичик таржима китобим денгиздан бир томчи, холос. Одамлар уни кўпроқ ўқишса дейман. Навоий ҳақида кўпроқ билишларини истайман. Бунинг энг асосий сабаби, Ғарб дунёсининг умуминсоний ғоялар, фалсафа ва ишқ, аслиятга интилиш, сўфизм, нақшбандия ғояларини ўз шеъриятида акс эттира олган Алишер Навоийдек шоирлар ижодини ўқишга эҳтиёжи катта.

«Халқ сўзи» мухбири
Элёржон ЭҲСОНОВ ёзиб олди.
АҚШ, Массачусетс штати

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер