Декабрда Ўзбекистонда World of Tanks учун сервер ишга туширилиши кутиляпти

17:58 04 Декабрь 2019 Жамият
1371 0

Wargaming компанияси Ўзбекистонда World of Tanks ўйини учун серверни ишга тушираётгани ҳақида аввалига API манбаси хабар берган бўлса, кейинчалик, тўғрироғи шу йил ёзда бу маълумот “Ўзбектелеком” АК томонидан ҳам расман тасдиқланган эди.

Унда абонентларга ўйинли контентларни тақдим этиш мақсадида, компьютер ўйинлари индустрияси етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳам ишлар олиб борилаётгани маълум қилинганди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида контентларни жойлаштириш учун Wargaming компанияси билан ҳамкорлик бўйича музокаралар бошлаб юборилгани, “Ўзбектелеком” АК Дата-марказида Wargaming сервер инсталляцияси бўйича ишлар бошлаб юборилгани қайд этилганди.

Ёздан бери ушбу мавзуда бошқа ҳеч қандай янгилик бўлмади, бироқ шу кунларда мазкур бренд ўз серверини декабрь ойида ишга тушириши кутилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, деб ёзади API.

“Ҳозирнинг ўзидаёқ охирги ишлар кетяпти. Серверда ярим йилда биринчи бор текшириш ва синовдан ўтказиш учун WGʻнинг техник ходимлари пайдо бўлди. Бу у яқин кунлар ичида ишга туширилишдан дарак беради”, - дейилади хабарда.

Wargaming маҳсулотлари Ўзбекистонда жуда машҳур. 2018 йил апрель ойида мамлакатда у томонидан ишлаб чиқарилган ўйинлар камида 22 минг киши томонидан ўйналаётгани маълум қилинганди.

Wargaming.net — хусусий компания бўлиб, компьютер ўйинлари ва турли платформалар учун ўйин сервислари ишлаб чиқарувчиси ҳамда тарқатувчисидир. Унга 1998 йилда асос солинган.

World of Tanks — реал вақт режимида Иккинчи жаҳон уруши даврида танк симулятори жанридаги онлайн-ўйин ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида кўплаб фойдаланувчилар ўйнайдиган мижозларнинг оммавий ўйинидир. Ушбу маҳсулот Wargaming.net томонидан ишлаб чиқарилган энг таниқли товар саналади. Ўйин бир неча бор турли мукофотлар, жумладан, “танк жангларида энг яхши симулятор” номинациясини олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?