Давлат захирасидаги ерни 200 минг долларга пулламоқчи бўлган шахс ушланди

16:58 30 Январь 2026 Жамият
424 0

Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ер майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Аниқланишича, фуқаро Р.Й. фуқаро О.Ш.нинг ишончига кириб, Фарғона вилояти, Қува туманидаги «Т.Б.» фермер хўжалигининг 5 гектар ва давлат захирасидаги 5 гектар жами 10 гектар ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали номига расмийлаштириб олиб бериши эвазига 200 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унга кўра, «А.С.» фермер хўжалиги раҳбари Д.Т. Жалақудуқ туманидаги давлат захирасидаги 8 сотих экин ер майдонини фуқаро О.Р.га танишлари ёрдамида турар-жой қуриш учун олиб бериши эвазига 9 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 минг 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?