Давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатилади

11:35 11 Сентябр 2024 Сиёсат
507 0

Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.

Хабар қилинишича, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш Давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Қайд этилишича, ушбу амалиётни жорий этиш учун қуйидагиларни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Бунда бир нечта босқич кетма-кет амалга оширилади:

Биринчидан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади.

Иккинчидан, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб қилинади.

Учинчидан, шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури).

Тўртинчидан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади.

Бешинчидан, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади.

Олтинчидан, туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади.

Еттинчидан, имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.

Аввалроқ, Ўзбекистон шахмат терма жамоаси бугун Тринидад ва Тобаго ҳамда Ҳаитига қарши дона суриши ҳақида хабар бергандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер