Давлат ОТМларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар очиқланди
Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш вазифаси юклатилган.
Жумладан, Фармоннинг 22-бандига мувофиқ, давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан расмий веб-сайт ҳамда Очиқ маълумотлар порталига жойланиб, ҳар чоракда янгилаб борилиши белгиланган.
Шунга кўра, Вазирликнинг ахбороти асосида республикадаги 62 та давлат олий таълим муассасаларининг 2021 йил якунига кўра даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинди.
Натижалар кўрсатишича, республика кесимида энг кўп даромадлар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (қарийб 400 млрд. сўм), Наманган давлат университети (320 млрд. сўм) ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан (315 млрд. сўм) шакллантирилган.
Тошкент шаҳрида жойлашган энг кўп даромад кўрган олий таълим муассасаларининг қисқа рўйхати қуйидагича:
1. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети – 399 млрд. сўм;
2. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети – 320 млрд. сўм;
3. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети – 276 млрд. сўм;
4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети – 237 млрд. сўм;
5. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети – 210 млрд. сўм.
Маълумот учун: олий таълим муассасаларининг даромадлари бюджетдан молиялаштирилган маблағлар, тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушган тушумлар, ривожлантириш маблағлари бўйича даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.
Ўз навбатида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Фармоннинг 22-банди (давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар) ижросини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли кўрсатмалар берилди.
Унда барча давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган ресурсларда тўлиқ жойлаштириш ҳамда доимий янгилаб бориш лозимлиги тушунтирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг