Давлат хизматида самарадорлик ва шаффофликни оширишга қаратилган муҳим ислоҳот
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда агентликнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этиб, давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган янги ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Анжуманда агентлик департаменти мудирлари Илҳом Қурбонов, Ғолибжон Абдуазизов ҳамда бошқарма бошлиғи Шуҳрат Мадияров иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтардилар. Улар таъкидлаганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини замонавий ва самарали механизмлар асосида ташкил этиш, кадрларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараённинг мантиқий давоми сифатида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 6 декабрда “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Матбуот анжуманида мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти ва амалиётга татбиқ этиш механизмлари батафсил тушунтириб берилди.
— Фармон асосида давлат идораларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, кадрлар билан ишлашда шаффоф ва очиқ механизмларни йўлга қўйиш – агентлик зиммасига юкланган энг устувор вазифалардан, — дейди Илҳом Қурбонов.
Фармонга мувофиқ, кириб келаётган 2026 йил 1 январдан бошлаб “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та туман ва шаҳарда тажриба сифатида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилади. Энди давлат органларининг мақсадли кўрсаткичлари махсус индикаторлар асосида шакллантирилиб, уларнинг бажарилиши “samaradorlik.gov.uz” электрон платформасида баҳоланади.
Шу билан бирга, агентлик тизимли менежмент, стратегик режалаштириш, лойиҳавий ёндашув ва замонавий HR моделларини давлат бошқарувига босқичма-босқич интеграция қилиб бормоқда. Бу жараён орқали ҳар бир давлат органининг вазифа-функциялари аниқ белгилаб берилади, кесишма вазифалар олди олинади, “ўсиш нуқталари” аниқланади.
2026 йилдан бошлаб “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)”ларда кадрлар ротатсияси тизими йўлга қўйилади. Унга кўра, туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва давлат органлари маҳаллий бўлинма раҳбарлари ҳар 5 йилда бошқа ҳудудга ротация қилиниши белгиланган. Ротация жараёни “hrm.gov.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Келгуси йилдан давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси махсус диагностикадан ўтказилади. Коррупциявий хавф даражаси юқори бўлган лавозимларда фаолият юритувчи ходимлар мажбурий тарзда баҳоланиб, “паст” натижа олганлар ушбу лавозимда меҳнат фаолиятини давом эттира олмайдилар. Баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмасига асосан амалга оширилади.
Бу жараён давлат хизматини холис, пок ва самарали ташкил этишга қаратилгани таъкидланди.
Шунингдек, кадрлар зaxирасини юритишнинг янги тартиби жорий этилади. “zaxira.bsa.uz” платформаси орқали номзодларнинг ривожланиш динамикаси кузатилиб борилади. Ижтимоий фаол ва салоҳиятли кадрларни аниқлашда маҳалла ва туман даражасидаги раҳбарлар хулосалари инобатга олинди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, қабул қилинган Фармон давлат бошқарувини модернизация қилишда муҳим босқич ҳисобланади. Ислоҳотлар самарадорлик, шaффофлик ва кадрлар малакасини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Анжуманда иштирок этган журналистлар ва жамоатчилик фаоллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар ва ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини юқори баҳоладилар.
Бу ўзгаришлар давлат бошқарувини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаши ва мамлакатимизда самарали давлат хизмати моделини шакллантиришга хизмат қилади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг