Давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди

12:38 30 Июль 2021 Сиёсат
846 0

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, 2021 йилнинг биринчи ярмида 116 та банддаги топшириқнинг ижроси таъминланиши белгиланган. Уларнинг 89 таси тўлиқ бажарилган, 2 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

Дастурнинг 7 та бандидаги вазифалар муддатидан аввал бажарилиб, йил давомида ижро этилиши белгиланган 82 та банд юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмга етган. Жами харажатлар 79,3 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 40,4 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йилда жами 7794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланган.

2021 йилнинг 30 июнь ҳолатига 209,2 минг янги иш ўрни яратилган, 78,5 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган, 24 мингдан ортиқ фуқароларга субсидиялар ажратилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча секторлар ва маҳаллалар кесимида алоҳида режалар тасдиқланган ҳамда жами 425 минг 662 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлигига эришилган.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилган.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирларини самарали ташкил этиш учун 660 мингта AstraZeneca, 6,5 млн доза

ZF-UZ-VAK 2001, 370 минг доза «Спутник-V” вакциналари олиб келинган ҳамда ҳисобот даврида аҳоли жами 5,3 млн доза вакцина билан эмланган.

Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳар бир ҳудудда ташқи қарз ҳисобига амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот киритиш амалиёти талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Дастурда 2021 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши қайд этилган 7 та, жумладан, 30, 142, 231, 234, 237, 242-бандлардаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари белгиланган муддатларда қабул қилинмаган.

Натижада Дастурнинг қуйидаги муҳим вазифалари ижроси ўз вақтида таъминланмаган:

хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган ва хорижий тил ҳамда касблар бўйича малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган фуқароларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш;

алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш;

олий таълим муассасалари ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицейнинг олий таълим муассасалари билан узвий боғланишини таъминлаш, 187 та техникумни ўз йўналиши бўйича турдош олий таълим муассасалари ва тармоқ корхоналарига бириктириш;

олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш тартибини жорий этиш;

муқобил энергетика ҳамда электротехника саноатини ривожлантириш, яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш.

Бундан ташқари, Дастурда йил давомида бажарилиши назарда тутилган айрим вазифалар ижроси юзасидан ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти.

Хусусан, Дастурнинг 209-бандида спортнинг юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workout” (маҳалла ва кўча фитнеси) турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш мақсадида аҳоли пунктларида, ҳар бир маҳалла ва туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш белгиланган. Бу борада ижрочилар томонидан 2021 йил 25 май куни лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ҳукумат қарори бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.

Шунингдек, сенаторлар, хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жумладан, ҳаёти, соғлиғи, меҳнат шароитлари ва шартномада белгиланган иш ҳақи ўз вақтида берилаётгани ҳақида доимий мониторинг олиб бориш зарурлигини таъкидладилар.

Қизғин савол-жавоблар асосида ўтган Давлат дастури муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер