Давлат дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш йўналишларидаги масалалари муҳокама қилинди

17:45 14 Январь 2025 Сиёсат
217 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 14 январь куни куни ўтказилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва корруцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унда Қўмита аъзолари, маҳаллий Кенгашларнинг Коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссиялари раислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Фармон лойиҳаси 33 та банд, 5 та йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат.

Жорий йил учун мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида ҳам ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, хавфсизлик ва тинчлик севар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш каби ислоҳотлар белгиланган.

Муҳокамалар жараёнида Давлат дастури лойиҳасидаги бир қатор мақсадларга эришиш бўйича тегишли таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Жумладан, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексини ишлаб чиқиш, шунингдек, Тоғ ва тоғ олди ҳудудлардаги ўрмонларни асраш ва уларнинг майдонини янада кенгайтириш. Парламент назорати натижаларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш каби таклифлар ўртага ташланди.

Тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган (иқтисодий) низоларни ўз вақтида ва адолатли ҳал этилишини таъминлаш мақсадида низоларни судгача ҳал этишнинг муқобил усули бўлган медиация институтини янада такомиллаштириш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш масаласи алоҳида қайд этилди.

Бунда низолашаётган тарафлар томонидан тузилган медиатив келишувни мажбурий ижро қилиш механизмини жорий қилиш ҳамда профессионал медиаторлар учун олий маълумотга эга бўлиш талабини қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар Қўмита томонидан қўллаб- қувватланиб, ўрнатилган тартибда Давлат дастурига киритилиши учун тақдим этилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, Сенат қўмитаси Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик томонидан муҳокамаси давом этишини инобатга олиб, жамоатчилик, шу жумладан соҳа мутахассисларини ўз фикр ва мулоҳазалари орқали фаол иштирок этишга чақиради.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?