Дарахтларни номига эмас, ҳаётимиз, эртанги кунимиз учун экайлик

15:18 29 Октябр 2024 Жамият
203 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Президентимиз «Яшил макон» миллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишда дарахтларнинг аҳамияти, уларни номига экишга йўл қўйиш керак эмаслиги ҳақида гапирди. «Яшил макон» номига эмас, ўзимизнинг ҳаётимиз, ўпкамиз тозалигига, жамиятимизга, саломатлигимизга керак.

Видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоятимизда 6 миллион 125 минг туп кўчат экиш белгиланган, – дейди Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Шукуров. – «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 16 та туман ва шаҳар ҳудудида 18,6 гектар ер майдонда «Яшил боғ», «Яшил жамоат парки» ташкил қилинади.

Паст Дарғом туманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили минглаб кўчатлар парваришланмоқда. Дарғом канали ёқасидаги бўш ер майдонида кўчат экиш билан ҳудудда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига киришилди.

Туман сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ва туман жамоатчилиги вакиллари канал бўйича минг тупга яқин қайрағоч, каталпа, сафура сингари дарахт кўчатлари ўтқазиб, эзгу ишга ҳисса қўшди. Шундан сўнг туманнинг 1-сектори ҳудуди жойлашган Қўшқудуқ маҳалласидаги бўш ер майдонларга тумандаги барча ташкилот ва корхоналарнинг кўнгилли вакиллари ҳамда фаол фуқаролар томонидан минг тупга яқин мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Туманда кузги мавсумда 600 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.

Самарқанд туманида ҳам «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишларни уюшқоқлик билан ташкил этишга киришилган. Туман марказидаги ҳокимлик захирасида 5 гектар майдонга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ барпо этилди. Муҳими, бу хайрли ишда туман аҳли, ёшу қари бирдек жонбозлик кўрсатиб иштирок этмоқда.

Самарқанд вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабарига кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларга эътиборсизлиги оқибатида аниқланган 62 нафар мансабдорлар 221 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер