“Даҳшатли“, “ғайритабиий“, “ҳалокатли оқибатларга олиб келади” — Халқаро ҳамжамият Исроилнинг UNRWA фаолиятини тақиқлашини кескин қоралаб чиқди

15:48 29 Октябр 2024 Дунё
218 0

Фото: Flash90

Исроил парламентининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқлаши ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

Бу фикрларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус айтиб ўтди.

Душанба куни Исроил Кнессети (парламенти) БМТнинг Яқин Шарқ агентлигининг Исроилда, шунингдек, у назорат қиладиган ҳудудларда фаолиятини тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳаларини маъқуллади.

“UNRWA БМТга аъзо давлатлар томонидан яратилган. Исроил парламентининг UNRWAнинг миллионлаб фаластинликлар ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича ўз фаолиятини амалга оширишни тақиқлаш ҳақидаги жорий қарори ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Бу қабул қилиб бўлмайди ҳолат. Бу Исроилнинг мажбуриятларига зиддир. ва масъулияти UNRWAга боғлиқ бўлганларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади”, деб ёзди ЖССТ раҳбари “Х” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Ўз навбатида Исроилнинг бу ҳаракати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бутун дунё мамлакатлари қоралаб чиқишди.

Фаластин томони Исроил қонунчилигини рад этади ва қоралайди.

“Биз бунга йўл қўймаймиз. Бу ҳаракат Исроилнинг фашистик давлатга айланганини акс эттиради”, — дейилади Фаластиннинг расмий баёнотида.

Шунингдек, ҲАМАС қонун лойиҳасини сионистик уруш ва бутун халққа қарши тажовузкорликнинг бир қисми сифатида баҳолаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиб Антониу Гутерриш ташкилотни ягона ва агентликка муқобили йўқлигини билдирди.

“Ушбу қонунларнинг амалга оширилиши Фаластин ҳудудидаги Фаластин қочқинлари учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин, буни қабул қилиб бўлмайди”, — деди у ва Исроилни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомидаги мажбуриятлари ҳамда халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳаракат қилишга чақирган.

Шу билан бирга, ташкилот раҳбари Филипп Лаззаринининг айтишича, Исроил бу иши билан мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларини бузади, фаластинликларнинг азоб-уқубатларини янада кучайтиради.

“Биз бу қарорга қатъий қаршимиз. Бу ғайритабиий қарор ва биз UNRWA Ғазодаги Фаластин халқи учун муҳим рол ўйнаганига ишонамиз”, — деди Хитойнинг БМТдаги вакили Фу Конг.

Россиянинг БМТдаги элчиси Исроил томонидан UNRWAнинг тақиқланишини “даҳшатли” деб таърифлади ва бу Ғазодаги вазиятни ёмонлаштираётганини айтди. У, шунингдек, Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган Америка Қўшма Штатларини агентликка содиқлигини кўрсатиш учун UNRWAга ўз бадалларини тўлашга чақирди.

Исроил 7 октябрь куни ҲАМАСни Исроил жанубига уюштирган ҳужумларда иштирок этганликда айблаганидан сўнг, АҚШ UNRWAни молиялаштиришни олиб қўйган эди.

Буюк Британия Бош вазири Кей Стармер ҳам жиддий хавотир билдириб, анклавдаги тинч аҳолига етарлича ёрдам етказилиши кераклигига тўхталган.

“Фақатгина UNRWA гуманитар ёрдамни керакли ҳажм ва тезликда етказиб бера олади”, — деди Стармер.

Иордания ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатини қатъий қоралаб, буни халқаро ҳуқуқ ва Исроилнинг Фаластиндаги босқинчи давлат сифатидаги мажбуриятларини қўпол равишда бузиш деб таърифлади ва бу ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Фаластин давлатчилигини тан олган тўртта Европа давлати — Ирландия, Норвегия, Словения ва Испания ҳукуматлари қўшма баёнот чиқариб, агентликнинг тақиқланишини қоралади.

“UNRWA Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг мандатига эга. Кнессет томонидан маъқулланган қонунчилик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва кўп томонлама тизимнинг барча ташкилотлари фаолияти учун жуда жиддий прецедент бўлиб хизмат қилади”, — дейилади баёнотда.

Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонгнинг айтишича, UNRWA ҳаётни сақлаб қолиш ишлари билан шуғулланади ва унинг ҳукумати Исроил Кнессетининг агентлик фаолиятини чеклаш қарорига қарши.

Ташкилот 1949 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Исроилнинг яратилиши даврида ўз уйларидан ҳайдалган фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган ва у Ғазода гуманитар хизматлар кўрсатувчи асосий ташкилот бўлиб қолмоқда. Шунингдек, босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ливан, Сурия, Иорданиядаги миллионлаб фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлайди.

Аввалроқ, Исроил 2023нинг йил 7 октябрь куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ушбу мамлакатга уюштирган ҳужумига UNRWAнинг айрим ходимларининг алоқадорлиги ҳақида хабар берган эди. Бироқ, БМТнинг агентлик фаолияти ҳақидаги ҳисоботидан келиб чиққан ҳолда, Исроил ҳеч қачон UNRWA ходимларининг террорчилик фаолиятига алоқадорлигини тасдиқловчи далилларни тақдим эта олмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?