Cув – бу бир халқ ёки миллатнинг бойлиги эмас

Архив сурат
Бугун Ўзбекистон Республикасида аҳолини сув билан таъминлаш масалалари ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Географик жиҳатдан Ўзбекистон дунёнинг сув тақчил бўлган ҳудудларидан бири — Марказий Осиёда жойлашган. Ушбу минтақа, шу жумладан Ўзбекистон, иқтисодиёти, аҳолиси ва экологик таҳдидлари ўсиб бораётганлиги билан ажралиб туради.
БМТ ва Жаҳон Банки каби халқаро ташкилотларнинг таҳлилий маълумотларига кўра, 2050 йилга қадар Марказий Осиё аҳолиси сони 100 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бунда, энг кўп аҳолига эга бўлувчи давлат сифатида Ўзбекистон (тахминан 50 миллион киши) эътироф этилмоқда. Аҳоли сонининг ошиши эса, мутаносиб равишда сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа давлатлар ҳудудларидан келади, 20 фоизи мамлакатда ҳосил бўлади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2030 йилга бориб Ўзбекистон 7 млрд куб метр сув етишмовчилиги муаммосига дуч келиши мумкин.
Сув ресурслари билан боғлиқ бугунги кун шароитлари ва истиқболда кутилаётган чақириқлар Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш соҳасида самарали давлат бошқарувини йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Бунда, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича оммавий маданиятни шакллантириш ва Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар билан ўзаро манфаатли сув дипломатиясини олиб бориш талаб этилади.
Ўзбекистоннинг сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсати
Сўнгги йилларда Ўзбекистон сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий шароитлар ва талабларга мослаштириб келмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, сувдан фойдаланиш масалалари Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бунинг яққол мисоли сифатида, 1993 йилнинг 6 майида Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини келтиришимиз мумкин. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда сувга оид муносабатларни тартибга солиш ва соҳада давлат бошқарувини йўлга қўйишга имкон яратди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида эса кўплаб қонуности ҳужжатлари ҳам қабул қилинди.
Сувдан фойдаланиш муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдан ташқари, амалий чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялар ва томчилаб суғориш тизимларини оммалаштиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг 2-бандига мувофиқ, 2021 йил якунига қадар республика бўйича камида 160 минг гектар пахта, 30 минг гектар мевали экинлар, 15 минг гектар узум ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш жорий этиш, 14 минг гектар донли экинлар, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш, 600 гектар пахта етиштириладиган майдонларда дискретли суғориш технологияларини жорий қилишни таъминлаш, 200 минг гектар экин майдонларида, шундан 43 минг гектар шоли етиштириладиган майдонларда лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этиш белгиланди.
Албатта, жаҳон тажрибаси сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сувни тежайдиган технологиялар ва томчилатиб суғориш тизимларининг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Аммо, жамиятда сувдан оқилона фойдаланиш масалалари назорат қилинмаса, сувни тежаш мақсадида юқорида санаб ўтилган технологияларни жорий қилиш ўз натижасини бермайди.
Ҳозирда Ўзбекистонда сувдан нооқилона фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар учрамоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда сувдан нооқилона фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмлар талаб даражасида эмас.
Мамлакатимизда сувдан фойдаланиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майдаги “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги камчиликларни санаб ўтиш мумкин:
1) Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида “сувдан оқилона фойдаланиш”, “сувдан нооқилона фойдаланиш”, “сувдан маиший фойдаланиш”, “ичимлик суви”, “чучук сув” каби соҳадаги асосий тушунчаларнинг ҳуқуқий таърифлари берилмаган. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида сувдан нооқилона фойдаланиш ҳолатини аниқлашда мураккабликларни келтириб чиқармоқда.
Қолаверса, амалдаги Қонунда ичимлик сувидан айнан қайси ҳолатларда фойдаланиш тақиқланиши аниқ кўрсатилмаган. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида ичимлик сувидан томорқа ерларни суғоришда, транспорт воситалари ва гилам ювишда, ҳовлига сув сепиш ва сув ҳавзаларини тўлдириш, меваларни музлатиш учун очиб қўйиш мақсадларида фойдаланиш сувдан нооқилона фойдаланиш сифатида баҳоланмоқда. Аммо, таъкидлаш жоизки, юқорида санаб ўтилган ҳолатлар сувдан нооқилона фойдаланиш ҳолатлари сифатида амалдаги қонунчиликда аниқ белгиланмаган;
2) Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида сувдан нооқилона фойдаланганлик ҳолати учун жазо чоралари ягона моддада акс эттирилмаган. Бунда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 74-моддаси учинчи хатбошида “сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш” ва “сувдан хўжасизларча фойдаланиш” ҳолатлари учун тегишли жарималар миқдорлари белгиланган. Аммо, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низомда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидалари ҳамда сувдан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатлари аниқ белгиланмаган;
3) аксарият ҳолатларда мутасадди давлат ташкилотлари ҳам сувдан нооқилона фойдаланиш ҳолатларига йўл қўймоқда. Масалан, турли ҳудудларда водопровод трубалари носозлиги ва тешилганлиги ёки кўкаламзорлаштириш тизимларининг носозлиги, бундай муаммолар давлат ташкилотлари томонидан ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли жуда кўп миқдорда ичимлик суви бемақсад исроф бўлаётганлиги жамоатчилик вакиллари томонидан кўплаб асосли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, турли “яшил ҳудудлар”, пиёдалар йўлаклари ва дам олиш масканларидаги кўкаламзорлаштириш тизимларининг носозлиги сабабли катта миқдордаги сув исроф бўлаётганига жамоатчилик вакиллари ижтимоий тармоқлар орқали ўз эътирозларини билдиришмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларига кўра, бугунги кунда бир кишининг эҳтиёжлари учун кунлик 50-100 литр сув керак, “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотларига асосан эса Ўзбекистонда бу кўрсаткич кунлик бир кишига ўртача 99,2 литрни ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткич дунё минтақаларида қуйидагича кўринишга эга: Саудия Арабистонида 500 литр; АҚШда 450 литр; Канадада 340 литр; Японияда 320 литр; Россия Федерациясида 250 литр; Ғарбий Европада сув таъминоти хизматларининг юқори нархи туфайли у 130 дан 180 литргача ўзгариб туради; Африканинг қишлоқ жойларида 10-20 литр.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сувдан нооқилона фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш чора-тадбирлари мамлакатни ривожлантириш бўйича стратегик дастурлар доирасида амалга ошириб келинмоқда. Юқорида санаб ўтилган ташкилий-ҳуқуқий камчиликларни бартараф этиш, истеъмолчиларда сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва келажак авлодларга чучук сув захираларини етказиш вазифалари 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030» стратегияси, ҳар йилги давлат дастурлари ва бошқа ҳужжатларда акс эттирилмоқда. Хусусан, 2024 йилги Давлат бюджетида истеъмолчиларнинг сувга нисбатан муносабатини ўзгартириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва сувни тежаш технологияларини кенг жорий қилиш мақсадида субсидиялар ажратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистоннинг замонавий сув дипломатияси қандай самарадорлик кўрсатмоқда?
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари ва сиёсий иродаси натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳам янгича тус олди. Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим минтақа сифатида белгиланди. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бундай ёндашув, минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммоларини тинч йўл билан ҳал этишга ҳам ижобий таъсир ўтказганини таъкидлаш лозим.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон ўзининг сувга бўлган йиллик эҳтиёжларининг 80 фоизини трансчегаравий сув манбалари ресурслари орқали қондиради. Ўзбекистон минтақанинг марказида жойлашган бўлиб, Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегараларга эга ҳамда ушбу давлатларнинг барчаси билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ўзаро алоқаларни олиб боради. Истиқболда, Ўзбекистон ўсиб бораётган иқтисодиёти ва аҳолисининг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжларини қондириши учун минтақа давлатлари билан самарали сув дипломатиясини олиб бориши талаб этилади.
Шу ўринда, Марказий Осиёдаги сув захиралари ва трансчегаравий сув манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида айрим маълумотларни келтириб ўтиш жоиз:
биринчидан, минтақадаги чучук сув захираларининг 60 фоизидан ортиғини тоғлардаги музликлар (сўнгги ўттиз йилда учдан бир қисми эриб кетди) ташкил этади ва ҳозирда глобал иқлим ўзгариши жараёнлари оқибатида уларнинг тезкор суратларда эриб бориши кузатилмоқда. Олимларнинг прогнозларига кўра, Марказий Осиё музликларининг эриши 2035-2055 йиллар оралиғида ўз чўққисига кўтарилади. 2100 йилга бориб эса минтақадаги музликлар захиралари 2015 йилги ҳажмининг 75 фоизини йўқотиши тахмин қилинмоқда;
иккинчидан, Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан Амударёда “Қўштепа” каналини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, ушбу каналнинг қуриб битказилиши ва ишга туширилиши Ўзбекистон Амударёдан олаётган сувнинг 25-30 фоизга камайишига олиб келиши мумкин. Бу хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 17 ноябрда Сурхондарё вилоятига ташрифида яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга камайиши кутилаётганини ҳамда “сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш лозимлигини айтиб ўтди;
учинчидан, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Ўзбекистон сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг 1992 йилги “Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича” (Ўзбекистонда 2007 йилдан кучга кирган) ва 1997 йилги “Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида”ги (Ўзбекистонда 2014 йилдан кучга кирган) конвенцияларини ратификация қилган.
2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан сув дипломатияси тарихий натижаларга олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистоннинг ушбу давр мобайнидаги минтақа давлатлари билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш масалалари юзасидан олиб борган сиёсати соҳадаги кўплаб муаммоларнинг дипломатик ечимларини топишга кўмаклашди. Хусусан, Ўзбекистон сув дипломатиясининг самарадорлиги юзасидан тарихий келишувларнинг қуйидаги мисолларини келтириш мумкин:
2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон Фарход ва Роғун ГEСлари юзасидан ўзаро манфаатли келишувга эришган бўлса, 2022 йилда ҳар икки мамлакат давлат раҳбарлари Зарафшон дарёсида Ёвон ГEСи қурилишини бошлаб беришди.
2017 йилнинг сўнггида Ўзбекистон ва Қирғизистон сув масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузишди. 2022 йилда эса ҳар икки давлат Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилди.
2021 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Тўқтағул сув омборидан фойдаланиш масалаларида келишувга эришилди. 2023 йилнинг январь ойида ушбу давлатлар Қамбарота-1 ГEСи қурилиши лойиҳасини тасдиқлашди ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота-1 ГEСи қурилиши юзасидан инвестициявий битим имзоланди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг ташаббускорлиги ва сиёсий иродаси натижасида эришилган мазкур тарихий келишувлар, авваламбор, аҳолимиз, иқтисодиётимиз ва келажак авлоднинг сувга бўлган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган. Ушбу келишув ва битимларнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, улар барча чегарадош, қўшни давлатларнинг ҳам сувга бўлган манфаатларини инобатга олади. Зеро, сув – бу бир халқ ёки миллатнинг бойлиги эмас ва трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммоларига ечим изланганда ундан фойдаланувчи барча томонларнинг манфаатларини инобатга олиш талаб этилади.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон сув дипломатияси самарадорлигини қўшни давлатлар билан эришилган тарихий келишувлар ва амалий натижалар орқали кўришимиз мумкин. Аммо, келажакда мамлакатимиз сув дипломатияси ечим топиши керак бўлган кўплаб муаммолар ва чақириқлар ҳам йўқ эмас. Улардан бири, шубҳасиз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан Амударёда қурилаётган “Қўштепа” канали масаласи ҳисобланади. Эътиборлиси, Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб Ўзбекистон ушбу каналнинг қурилиши юзасидан ўз муносабатини билдирди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 20 декабрида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида Амударё ўзанида янги канал қурилиши бўйича қўшни Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан бирга халқаро меъёрлар асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда амалий мулоқотлар олиб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон канал қурилиши ва Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муносабатларига янги иштирокчи сифатида киришишининг халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш тарафдори бўлиб келмоқда. Мазкур йўналишда Ўзбекистон ва Афғонистон муваққат ҳукумати делегациялари ўртасида музокаралар давом этмоқда.
Ўзбекистон сув дипломатияси ўзининг ташаббускорлиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзбекистон трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муносабатларини янада такомиллаштириш ва келажакда кутилаётган ҳодисаларга мослаштириш билан боғлиқ кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 15 сентябрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида трансчегаравий сувлардан ҳамкорликда фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди:
биринчидан, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш. Бунда, асосий ҳужжатлар ва битимларни хатловдан ўтказиш, жумладан, 1990 йилларда қабул қилинган Жамғарма низомини қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилма фаолиятини биргаликда таҳлил қилиш ва Жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди;
иккинчидан, минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши лозимлиги айтиб ўтилди;
учинчидан, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш таклифлари ҳам билдирилди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари “Қўштепа” каналининг қурилиши юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтиб, унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлиги, шунинг учун Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда соҳада баъзи ташкилий-ҳуқуқий камчиликлар мавжудлигига қарамасдан Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига тизимли ёндашмоқда. Мамлакатимизда қабул қилинган стратегик дастурлар ва амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар сувдан фойдаланиш масалалари давлат сиёсатининг алоҳида, муҳим йўналишига айланиб бўлганини кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан олиб бораётган сув дипломатияси ҳам бир қатор тарихий натижаларга эришишга имкон берди. Истиқболда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида қуйидаги асосий масалаларга эътибор қаратиш лозим:
биринчидан, сув ресурсларидан нооқилона фойдаланишнинг аниқ ҳолатларини қонунчиликка киритиш ҳамда уларнинг олдини олишга имкон бермаётган ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги камчиликларни бартараф этиш;
иккинчидан, аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориш, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш;
учинчидан, Амударёда қурилаётган “Қўштепа” канали Ўзбекистон сув дипломатияси ечим топиши керак бўлган энг муҳим минтақавий масалага айланиб бормоқда, бунда канал қурилиши ва унинг ишга туширилишининг халқаро ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш мақсадида Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокаралар олиб боришни давом эттириш талаб этилади.
Амирбек КEНЖАЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат бошқаруви кафедраси ўқитувчиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг