“Covid-19”дан ҳимояланишнинг “швед модели” қанчалик самара берди?
Фото: Reuters
Швецияда, кўплаб Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, эндиликда “Covid-19” билан касалланганлар сонида янги ўсиш ҳолати кузатилмаяпти.
Пандемиянинг иккинчи тўлқинининг йўқлиги эса шведларнинг «карантинсиз стратегияси» муваффақиятига яна бир далил бўлиши мумкин. Бироқ, якуний натижани пандемия тугагандан сўнг олиш мумкин.
Швеция шаҳарлари кўчаларида ҳозирда дунёнинг бошқа шаҳарларига таниш бўлган карантин қоидаларини сезиш қийин. Зеро, коронавирус инфекциясига қарши курашнинг «швед модели» деб аталадиган йўл айнан табиий равишда аҳоли орасида жамоавий иммунитет ривожланишига асосланган ҳолда чекловлардан воз кечишни назарда тутади.
Бу ерда одамлар ниқоб тақишмади, дўконлар, ресторанлар ва таълим муассасалари мамлакат бўйлаб умуман ёпилмади. Қаттиқ танқидчиларга ҳам, уни қўллаб-қувватлаган тарафдорларга ҳам эга бўлган стратегия Швециянинг ўзида жуда машҳур бўлиб кетди.
Шу билан бирга, ушбу мамлакатда ҳам янги санитария қоидалари жорий этилди: 50 кишидан ортиқ бўлиб тўпланиш тақиқланди, хавфсиз масофани сақлаш ва истаган ҳолатда уйда ишлашга рухсат берилди.
Бир қарашда, Швеция тажрибаси натижалари умидсизлик ҳолатини келтириб чиқаради. Зеро, “Covid-19” қурбонлари сони бу ерда қўшни Дания, Норвегия ва Финляндияга қараганда анча юқори. Аммо ҳудуддаги жон бошига тўғри келадиган ўлимлар сони энг қаттиқ карантин чекловлари жорий этилган баъзи Европа мамлакатларига қараганда анча паст.
Ўз навбатида, коронавирусдан тўлиқ халос бўлиш мумкин эмас деб ҳисоблаётган Швед стратегиясининг мафкурачиларидан бири, мамлакат бош эпидемиологи Андерс Тегнелл "Бизнинг вазифамиз уни назорат остида ушлаб туришдир. Ҳозиргача биз бунга эришдик. Бугун клиникаларимизда “Cоvid-19” билан касалланган янги беморлар йўқ, бизнинг тиббиёт тизимимиз ҳаддан ташқари босим остида эмас. Шунингдек, хасталикнинг тарқалиш даражаси ҳам қониқарли. Умид қиламизки, вакцинанинг пайдо бўлиши билан ҳолат янада яхшиланади", дея таъкидламоқда.
Бироқ, ушбу хасталикни бошдан ўтказган аҳоли нуқтаи назаридан, расмийларнинг инфекция тарқалишига муносабати ишончли кўринмаяпти.
"Менимча, ушбу инфекция олиб келган хавфни олдинроқ англашимиз керак эди", дейди коронавирусга чалиниб, ундан халос бўлган, аммо “Covid-19” ташхиси қўйилганидан олти ой ўтгач ҳам доимий тахикардия ва нафас олиш муаммоларидан шикоят қилаётган фуқаролардан бири Эмма Мартенссон.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг