Чодакка “Туризм қишлоғи“ мақоми берилди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/“Халқ сўзи”. Юртимиз ўзига хос табиати, дилтортар манзаралари билан кишини ром этувчи гўзал масканларга бой. Улардан бири Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудида Қурама – Чотқол тизма тоғи этакларида ястаниб ётган Чодак қишлоғи соф ҳавоси, осмонўпар қоялар томон тобора юқорилаб борувчи ҳордиқбоп гўшалари билан эътиборни тортади.
Бу ердаги мўътадил иқлим, хусусан, пасттекисликлардан 12-15 даража фарқ қилувчи салқин ҳаво ёзнинг жазирама кунларида ҳаловат қидириб қолган инсонлар учун оромижон муҳитни яратиб бериши билан катта аҳамиятга эга. Истиқлол йилларида пойтахтдан Қамчиқ довони орқали Фарғона водийсига замонавий автомобиль ва темир йўл ўтказилиши шарофати билан Чодакда ҳам катта миқёсдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, ҳудуднинг туристик салоҳиятини ишга солиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши қатор лойиҳаларга кенг йўл очди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил февраль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида белгилаган топшириқлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига қаратилган қарорига мувофиқ мазкур гўшада умумий қиймати 279,1 миллиард сўмлик 257 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Туристик салоҳияти юқори бўлган Чодакка туризм қишлоғи мақомини бериш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар натижасида ҳозирги кунда 300 оилавий меҳмон уйи, тўртта дам олиш маскани, учта болалар оромгоҳи, иккита хостел, битта кемпинг, 30 та гастрономик туризм объекти, узунлиги 300 метр тўртта осма кўприк ва узунлиги 50 метр бўлган шишали осма кўприк, сунъий шаршара, ўртача узунлиги 400 метр осма дор йўлидан иборат экстремал ҳамда юздан ортиқ экотуризм объектлари фаолият олиб бормоқда. Айни омиллар ҳисобига қишлоқнинг 1500 дан ортиқ фуқароси доимий меҳнат билан банд қилинган.

— Сайёҳлик мақомининг эътироф этилиши бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштиради, — дейди “Намангантуризм” бошқармасининг маркетинг ва пиар бўйича бош мутахассиси Жаҳонгир Раҳматов. — Чунончи, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасидаги 98 та лойиҳага 109 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, йўл инфратузилмаси, электр энергияси, газ, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, ирригация объектлари ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштирилади. “Чодак – кичик туризм зонаси”да замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, кўп қаватли тураржойлар, саноат зонаси, спорт мажмуаси, мактабгача таълим ташкилоти ва ўқув муассасалари учун бинолар қуриш ишлари 2030 йилгача бўлган мақсадли дастур асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Куни кеча тоғолди қишлоғида бўлиб ўтган тадбирда Туризм қўмитаси томонидан Чодакка туризм қишлоғи мақоми берилгани расмий равишда эълон қилинди. Тантанали маросим чоғида бу ерда яна бир йирик объект — лойиҳа қиймати 2 млрд. сўм бўлган замонавий меҳмон уйи фойдаланишга топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг