Чиқиндиларни қайта ишлаш: долзарб муаммо ва таклифлар

Чиқиндиларни қайта ишлаш чиқиндиларни бошқариш сиёсатида энг муҳим чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 %га, қайта ишлаш ҳажмини 40 %га етказиш вазифаси қўйилган.
Бироқ, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида қуйидаги муаммолар сақланиб қолмоқда:
Биринчидан, республикамизда чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнини қўллаб-қувватлаш учун молиявий ва инфратузилмавий муаммолар мавжуд. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишдан тушган маблағлар миқдори чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича тўлиқ минтақавий инфратузилмани яратишга имкон бермайди.
Маълумот ўрнида: Республика ҳудудида 2019 йил ҳолатига кўра, умумий қуввати йилига 894 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган 183 та корхона мавжуд. Таққослаш учун, Францияда 2.3 млн тонна қувватга эга 300 дан ортиқ корхона фаолият юритади.
Шу сабабли мазкур рағбатлантириш халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни ўтказилган йиғилишда импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилиши, саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилиши ва уларнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилиши, бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 млрд сўм кредит ажратилиши белгилаб берилган.
Хорижий мамлакатларда мазкур масалани ҳал қилишда Чиқиндиларни бошқариш жамғармаси ташкил этиш муҳим ўрин тутади. Бундай турдаги жамғармалар экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарималар, рухсатнома ва лицензия учун тўланган маблағлар, хорижий ва маҳаллий грантлар, субсидиялар ҳисобидан молиялаштирилади ва жамғарма маблағлари асосан, чиқиндиларни бошқариш дастурларини амалга ошириш, хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Иккинчидан, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида рақобат муҳитини яратиш, чиқиндилардан қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан талабни рағбатлантириш механизмлари мавжуд эмас.
Хорижий давлатларда қайта ишланган материаллардан фойдаланган ҳолда олинган товар ва хизматлар бозорини рағбатлантириш мақсадида ушбу маҳсулотларга нисбатан давлатнинг “яшил хариди” тизимидан фойдаланиш имкониятларини тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилган.
Масалан, Хитойда чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта ишланган маҳсулотлардан фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида давлат идоралари, давлат мактаблари, давлат корхоналари ва ташк
илотлари ҳамда ҳарбий идоралар имтиёзли равишда қайта ишланган маҳсулотларни сотиб олиши қонун билан белгиланган.
Учинчидан, чиқиндиларни қайта ишлашдан кўра уларни йўқ қилишнинг бошқа муқобил усулларидан фойдаланиш амалиёти сақланиб қолмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда чиқиндиларни асосан полигонларга жойлаштириш ёки уларни ёқиш усулларидан кенг фойдаланилади. Қайд этиш керакки, полигонларга чиқиндиларни жойлаштириш муаммонинг ечими бўлмайди. Сабаби полигонларга жойлаштирилган чиқиндилар атроф-муҳитга зарар келтирувчи асосий манбалардан биридир.
Маълумот учун: Шиша бутилка – 1 млн йил, пластик ичимликлар идишлари – 450 йил, бир мартали ишлатиладиган тагликлар – 500-800 йил, алюминий консерва – 80-200 йил, батареялар – 100 йил, каучукли этик – 50-80 йил, пластик стаканлар – 50 йил, тери – 50 йил, қалай консерва – 50 йил, нейлон мато – 30-40 йил, чарм поябзал – 25-40 йил, ёғоч – 10-15 йил, сигарет қолдиқлари – 10-12 йил, жун кийимлар – 1-5 йил, сут қутилари – 5 йил, арқонлар – 3-14 ой, пахта қўлқоп – 3 ой, картон – 2 ой, апелсин ёки банан қобиғи – 2-5 ҳафта, қоғоз сочиқ – 2-4 ҳафта муддатда чирийди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сон қарори билан тасдиқланган 2019-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Стратегиясида умумий майдони 1 108,6 гектарга тенг 167 та полигонни ёпиш ва рекултивация қилиш билан бир қаторда, фаолият юритаётган полигонлар ўрнида умумий майдони 693,3 гектарга тенг 54 та модернизациялашган полигон яратиш ва умумий майдони 80 гектарга тенг
5 та полигон қуриш вазифаси белгиланган.
Бироқ, хорижий давлатларда полигонларни сонини камайтириш мақсадида оптимал ечимлар ишлаб чиқилган ва ҳуқуқий механизмлар белгиланган. Масалан, Филиппинда 2000 йилда “Қаттиқ чиқиндиларни экологик бошқариш тўғрисида”ги қонун кучга киргандан сўнг очиқ чиқиндихоналарни ташкил этиш ва бошқариш тақиқланган. Барча очиқ чиқиндихоналар уч йилгача бошқариладиган чиқиндихоналарга айлантирилиши ва бошқариладиган чиқиндихоналар эса беш йил ичида ёпилиши кераклиги белгиланган. Фақатгина чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида ҳозил бўлган қолдиқ чиқиндиларни тўплаш учун санитария талабларига жавоб берадиган полигонлар қурилишига рухсат берилган.
Шунингдек, Евопанинг кўплаб давлатларида (Нидерландия, Белгия)да полигон солиғи жорий этилган. Эстонияда 2009 йилда қайта ишланмаган чиқиндиларни кўмиш тақиқланган ва қатъий жазо чоралари ўрнатилган.
2019 йилдан Россияда ҳам қайта ишланмаган чиқиндиларни ёқиш тақиқланган.
Республикамизда чиқиндиларни ёқиш эса полигонларни ўзида амалга оширилиши атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019-йил 17-октябрдаги 12-сон қарори билан Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқномада полигонларда атмосферага чиқарилаётган ташламаларни мониторинг қилиш ёки энергия олиш мақсадида газни фаол ажратиб олиш тизимини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги келтирилган холос, мажбурият сифатида ўрнатилмаган.
Ривожланган давлатларда чиқиндиларни ёқиш ва улардан муқобил энергия манбалари олиш усулидан кенг фойдаланилади.
Жумладан, Францияда қайта ишланмайдиган чиқиндиларни ёқиш учун 130 га яқин заводлар мавжуд. Ўз ўрнида ёқишда ҳосил бўлган кул йўл қурилишида, жараёнда ҳосил бўладиган иссиқлик эса уйларни иссиқлик билан таъминлашда фойдаланилади. Айрим корхоналар ер остида жойлашган бўлиб, улар тутун, бадбўй ҳид тарқатмайдиган технологиялардан фойдаланади.
Швеция ҳар йили ўртача 461 кг чиқиндиларни ишлаб чиқаради, аммо йилига 2 млн тоннадан ортиқ чиқиндиларни ёқиб юборадиган ёқиш дастуридан фойдаланади. Бу эса мамлакат чиқиндиларининг ярмини энергияга айлантиришни таъминлайди, бунинг учун WтЕ заводлари (чиқинди-энергетика, WтЕ) мавжуд. Швецияда чиқиндиларни энергияга айлантириш дастури 1940 йилда бошланган. Замонавий чиқиндиларни ёқиш заводлари тўлиқ автоматлаштирилган ва минимал даражада ходимларни жалб қилади. Чиқиндиларни ёқиш бўйича қоидалар ҳам ишлаб чиқилган. Швецияда чиқиндиларни хомашё сифатида ёқиш учун сертификатланган 32 та иссиқлик заводлари мавжуд. Уларнинг марказлаштирилган иссиқлик энергияси бозоридаги улуши 42% ни ташкил қилади. Чиқиндини ёқишдан ҳосил бўлган кулдан металлар ҳам олинади. Ҳатто канализацияга ташланадиган органик моддалар ҳам энергияга айлантирилади, бундай чиқиндилардан таркибида метан бўлган биогаз, сўнгра шаҳар транспорти учун биоёқилғи ишлаб чиқарилади. Натижада Швецияда чиқиндилар массасининг атиги 1 фоизи ташланади.
Хорижий мамлакатларда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида “функционал жиҳатдан боғлиқ ишлаб чиқариш ва технологик инфратузилма обектлари мажмуаси” бўлган экотехнопарклардан фойдаланиш ҳам кенг тарқалган бўлиб, улар чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш, чиқиндиларни утилизация қилиш ҳажмини қисқартириш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Масалан, мутахассисларнинг фикрига кўра, Россия Федерациясида экотехнопаркларнинг ташкил этилиши 2030 йилга келиб чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 10% дан 80% гача оширишга ва қайта ишланган маҳсулотларга бўлган талабни оширишга ёрдам беради.
Чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:
- чиқиндилар соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар учун ундириладиган жарималар, рухсатнома ва лицензия учун тўланган маблағлар, хорижий ва маҳаллий грантлар, субсидиялар ҳисобидан молиялаштириладиган ва фақат чиқиндиларни бошқариш дастурларини амалга ошириш учун сарфланадиган чиқиндиларни бошқариш жамғармасини ташкил этиш;
- чиқиндилардан қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан талабни рағбатлантириш механизмларини, шу жумладан, давлатнинг “яшил хариди” тизимини ишлаб чиқиш;
- қолдиқ чиқиндиларни жойлаштириш учунгина полигонлар фаолиятига рухсат бериш, полигонлар очишни тақиқлаш;
- қайта ишланмаган чиқиндиларни кўмишни тақиқлаш;
- Швеция тажрибасидан келиб чиқиб, чиқиндиларни ёқиш ва улардан муқобил энергия манбалари олиш имкониятларини кенгайтириш;
- чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида экотехнопарклар ташкил этиш;
- маҳаллий ҳокимият органлари томонидан хўжалик юритувчи субектларга кўрсатилаётган лизинг хизматлари кўламини янги экологик технологиялар, чиқиндиларни бошқаришни оптималлаштириш учун машина ва ускуналарни сотиб олиш нуқтаи назаридан кенгайтириш;
- чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини мақсадли қуриш (модернизация қилиш), технологик қайта жиҳозлаш учун экологик тўловдан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқиш;
- чиқиндиларни утилизация қилиш соҳасида турли хил чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ атроф-муҳитга етказилган зарарга қараб табақалаштирилган солиққа тортиш тизимини жорий этиш;
- мақсадли инвестиция лойиҳалари, шу жумладан чиқиндиларни қайта ишлаш комплексини яратиш учун кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш;
- чиқиндиларни қайта ишлашнинг янги технологияларини ўзлаштирган корхоналарга солиқ имтиёзларини қўллаш;
- иккиламчи моддий ресурслардан тайёрланган маҳсулотларга нисбатан ҚҚСни бекор қилиш.
А.Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди
- Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ҳаво массалари кириб келмоқда
- Китоблар — тафаккур чашмаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг