Чиммосдаги “IT шаҳарча” маҳалла ёшларининг тараққиёт драйверига айлана оладими?

13:44 24 Декабрь 2025 Жамият
259 0

“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида соҳасини ривожлантириш мақсадида кўплаб имтиёзлар берилган бўлиб, Самарқанд вилоятида ушбу имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Солиқ ва молиявий имтиёзлар берилиши натижасида IT-Park резидентлари 2030 йилгача фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқлардан озод этилган. Шунингдек, “Ягона дарча” тизими орқали лицензиялаш ва резидентлик олиш осонлаштирилган.

Кадрлар тайёрлаш бўйича “Бир миллион дастурчи” онлайн IT таълим платформаси жорий этилган бўлиб, “IT Academy”, “Astrum IT Academy”, IT Park академиялари, “21-school”, Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари, ҳудудларда IT-шаҳарчалар ҳамда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳалари ишга туширилган ва ҳар йили 100 мингга яқин ёшлар IT соҳасида бепул ўқитилмоқда.

Бу борадаги ишлар вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам ўз самарасини беряпти. Хусусан, вилоят марказидан 150 километр олисда, Қўшработнинг даштида, бир пайтлар инфратузилмаси оғир бўлган, умуман, имкониятлари чекланган Чиммос маҳалласи бугун намунали масканга айланиб бормоқда.

Уч мингдан зиёд аҳоли яшайдиган маҳаллада одамларнинг кайфияти ўзгарган ва ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ошган.

Чиммос маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бобомурод Қаршиевнинг таъкидлашича, ҳудуд узумчилик ва чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, 20 дан ортиқ тадбиркор фаолият юритмоқда. Бу йил 90 нафар ишсиз фуқаронинг 50 нафарга яқини ишга жойлаштирилган, қолганларига эса 650 миллион сўм имтиёзли кредит берилиб, тадбиркорликни бошлашига кўмаклашилган.

- Мақтаниш эмас, ҳозир маҳалламизда ишсиз фуқаро деярли йўқ, дейди Бобомурод Қаршиев. — Меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми корхона ва ташкилотларда ишлайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик билан шуғулланади, икки юздан зиёд киши узумчилик, уч юзга яқини чорвачилик билан банд. Мавсумий ишларда юздан ортиқ фуқаро меҳнат қилса, юздан зиёд аёл тикувчилик билан шуғулланади.

Шу йил май ойида маҳаллада ёшларнинг IT ва хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитга эга “IT шаҳарча” ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 майдаги қарорига кўра, 2022 йилда Нуробод туманининг Оқсой маҳалласида республикада биринчи марта очилган “IT-Village” концепцияси асосида бунёд этилган ушбу маскан 35 сотих майдонни эгаллаган бўлиб, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган.

- Марказимизда бир вақтнинг ўзида 70 нафарга яқин ёш таълим олади, — дейди “IT шаҳарча” иш бошқарувчиси Жамшид Ботиров. — Таълим жараёни хориж технологиялари асосида ташкил этилган бўлиб, 6 нафар мутахассис 216 нафар ёшга дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ҳамда инглиз ва бошқа хорижий тилларни бепул ўргатмоқда. Ахборот технологиялари марказимизга ўқувчилар 12 ёшдан қабул қилинади ва синов муддатидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчилар курсларга сараланади. Бугунга қадар 60 нафар ўқувчи компьютер саводхонлиги курсини муваффақиятли тугатди ва йил охиригача яна 50 нафардан зиёд битирувчига сертификат топширилади.

- Замонавий “IT шаҳарча” ишга тушгач, бу ерда инглиз тили курсида ўқиб, сертификатга эга бўлдим, — дейди тумандаги 64-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Шамшодбек Солиев. — Бу менга янги имкониятлар эшигини очди. Энди Тошкентдаги жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириб, билимимни янада мустаҳкамлайман ва келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун интилишдан тўхтамайман.

Бу ерликлар мазкур “IT шаҳарча” чиммослик ёшларнинг тараққиёт драйверига айланишига умид қилишмоқда. Бунинг учун эса марказда барча шароитлар мавжуд. Ҳамма гап ёшларнинг илм йўлида тинимсиз изланишларига боғлиқ.

Келгуси йилларда вилоятнинг барча аҳоли яшаш масканлари тўлиқ мобил алоқа ва интернет билан таъминланиб, олис ҳудудларда йўлдош алоқа технологиялари жорий этилади. Шунингдек, 2030 йилга қадар 300 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, дастурлаш ва бошқа йўналишларда ўқитилади.

- ТАТУ Самарқанд филиалида сунъий интеллект бўйича ўқув лаборатория ташкил этилиб, Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилиши режалаштирилган, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. — Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги School-21 рақамли технологиялар мактаби ҳудудидан ажратилган ер майдонида IT-Park қурилиши ишлари бошланди. Қорасув массивида ажратилган 80 сотих ер майдонида эса Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ёшлар технопарки қуриш бўйича келишувга эришилган.

Шу билан бирга, 2026 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари лойиҳасини ишга тушириш ва 2030 йилга қадар 25 минг нафардан зиёд ёшларни бепул ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитишни мақсад қилинган.

Вилоятда йил якунигача IT-Park резидентлари томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 18 миллион долларга етиши кутилмоқда. Экспорт ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини ошириш ҳамда хорижий буюртмаларни жалб этиш учун Германия, АҚШ, Корея, Саудия Арабистони, Япония ва Хитой давлатларида IT-Park вакилликлари ташкил этилган.

Хуллас, келгусида нафақат Чиммосда, балки вилоятда IT соҳаси шубҳасиз ёшларнинг тараққиёт драйверига айланади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?