Чимбойдаги сайёр қабулда 242 та мурожаат жойида ҳал қилинди

13:11 03 Октябр 2022 Жамият
412 0

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

Чимбой туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг фуқаролар учун сайёр қабули бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Мухаммадиев иштирок қилди.

Тадбир давомида қабулда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган Тахтакўпир, Қораўзак, Бўзатов, Кегейли ва Нукус туманларида яшовчи фуқаролар ҳам республика раҳбари ҳамда тегишли вазирлик-идоралар масъулларига ўзларининг мурожаатлари билан юзланди.

Фуқаролар томонидан асосан ижтимоий-иқтисодий, моддий ва тиббий ёрдамлар кўрсатиш, бандлик, таълим, ичимлик сув, газ, электр энергияси, ички йўллар ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришда юзага келаётган муаммолар бўйича мурожаатлар тингланиб, жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Масалан, Тахтакўпир туманидан Бауиржан Кидирбаевга 15 миллион сўмлик моддий ёрдам берилган бўлса, оилавий шароити ҳисобга олиниб, олий ўқув юртида таҳсил олаётган фарзандининг шартнома пуллари тўлаб бериладиган бўлди. Бўзатов туманидан келган Гүлсара Исметованинг турар жойига кадастр ҳужжатлари бепул расмийлаштириб берилди.

Шунингдек, Чимбой, Кегейли туманларидан ички йўлларни таъмирлаш бўйича қилинган мурожаатларни жойида ҳал қилиш учун шу куннинг ўзида техникалар жалб этилиб, ишлар бошлаб юборилди.

— Сайёр қабулда қилган мурожаатимиз ижобий ҳал бўлмоқда, — дейди чимбойлик Жалгасбай Асқаров. — Сув хўжалиги вазирига ички канални қазишга техника ажратиш ва канални қазиб, ҳудудимизга сув етказишда амалий ёрдам беришини сўраган эдим. Мана зудлик билан экскаватор ажратилиб, қазиш ишлари бошланди. Аввало, мана шундай раҳбарлар халқнинг мулоқот қилиш, мурожаатларини тинглаш тизимини яратиб қўйгани ҳурматли Президентимизга ва жойларда бу каби сайёр қабуллар ташкил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилаётган Республика раҳбариятига, қолаверса Сув хўжалиги вазирлигига овулимиз аҳли номидан миннатдорлик билдираман.

Мазкур мурожаат ижобий ҳал бўлгач, Чимбой тумани марказидаги «Шохтемир», «Темиржол», «Қаракўл» маҳаллалари ҳудудида жойлашган 660 га яқин хонадонларнинг томорқа майдонларига сув етказиш яхшиланади. Бунинг учун айни вақтда «Қуйин жап» ички каналида қазиб-тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида жами 456 та мурожаат қабул қилинган бўлса, шундан 242 та мурожаат жойида ижобий ҳал қилинди. Вақт талаб қилинадиган мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг шахсий назоратига олиниб, тез вақтда ижобий ҳал қилиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?