Чемпионлик йўлидаги асосий баҳс: «Ливерпуль» – «Арсенал»

Бугун Англия Премьер-лигасида ҳафтанинг энг кутилган ўйинларидан бири бўлиб ўтади. «Энфилд» стадионида Арне Слот бошчилигидаги «Ливерпуль» жамоаси Микель Артета қўл остидаги «Арсенал»ни қабул қилади. Бу учрашувга нафақат уч очко учун кураш, балки чемпионлик пойгасига ҳам бевосита таъсир кўрсатадиган баҳс сифатида қаралмоқда.
Сўнгги йилларда икки клуб ўртасидаги ўйинлар юқори суръат ва шиддати билан ёдда қолмоқда. Бугунги беллашувдан ҳам мухлислар кўплаб голлар, кескин қарама-қаршилик ва драматик лаҳзалар кутаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бугун ушбу ўйин олдидан икки жамоани ўзаро солиштирамиз.
Янги мавсумдаги натижалар
Айни вақтда ҳар икки жамоа Англия Премьер лигасида 2 тадан ўйин ўтказди. «Мерсисайдликлар» дастлабки турни ўз майдонида «Борнмут» жамоасига қарши ўтказдилар ва ўйин 4:2 ҳисоби билан Слот жамоаси ғалабаси билан якунланди. 2-турда эса «Нюкасл» устидан 3:2 ҳисобидаги қийин ғалаба қўлга киритилди.
Микель Артета бошчилигидаги «Арсенал» мавсумни «Олд Траффорд»да бошлади ва майдон эгаси «Манчестер Юнайтед»ни 0:1 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи турда эса «лондонликлар» ўз майдонида «Лидс Юнайтед» жамоасини қабул қилди ва баҳс «тўпчилар»нинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўзаро ўйинлар статистикаси
Арне Слот «Ливерпул» жамоаси бошқарувига келганидан сўнг, ушбу жамоалар бугунгача 3 та ўзаро ўйин ўтказди.
2024 йилнинг ёзида АҚШнинг Филаделфия шаҳрида ўтган ўртоқлик ўйинида «Ливерпул» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўтган мавсум Англия Премьер лигасида ўтган ушбу жамоаларнинг ҳар икки баҳси 2:2 ҳисобидаги дуранг натижаси билан якунланди. Демак, ҳозиргача Арне Слот «Ливерпул» бош мураббийи сифатида Микель Артета бошчилигидаги «Арсенал»га ютқазмаган.
Бу мавсумда жамоалар...
Жамоаларнинг бу йилги мавсум Англия Премьер лигасидаги статистикалари:
Тўп назорати:
-
«Ливерпуль» – 61%
-
«Арсенал» – 54%
Умумий зарбалар сони:
-
«Ливерпуль» – 24 та
-
«Арсенал» – 25 та
Аниқ зарбалар сони:
-
«Ливерпуль» – 14 та
-
«Арсенал» – 8 та
xG статистикаси:
-
«Ливерпуль» – 2.9
-
«Арсенал» – 4.2
Тўп узатмалар аниқлиги:
-
«Ливерпуль» – 83%
-
«Арсенал» – 85%
Статистика жамоалар кўрсатаётган ўйин деярли тенг эканини кўрсатмоқда.
Жамоаларнинг яширин имкониятлари
«Ливерпуль»
1. «Мерсисайдликлар» ўйинни юта олиши учун асосий омиллардан бири – мезбон фактора. «Ливерпул» охирги марта 2012 йили ўз майдонида «Арсенал»га ютқазган.
2. Жамоага келган янги футболчилар тез клуб ўйинига киришиб кетишди. Унинг устида Доминик Собослай ўзини ноқулай бўлган позицияда ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Мак Аллистер ҳам максимал спорт формасига кирмоқда. Хуллас, жисмоний ҳолат жиҳатидан Арне Слот жамоасида муаммо йўқ.
3. Ҳужум гуруҳининг кучи рақибга қараганда бир мунча яхшироқдек туюлмоқда. «Ливерпул» дастлабки 2 ўйинда 7 та гол киритишни уддалади. Ҳужумларнинг хилма-хиллиги ҳам «мерсисайдликлар»га қўшимча устунлик бериши мумкин.
«Арсенал»
1. «Арсенал» бу мавсум Премьер-лига стартида ҳали гол ўтказгани йўқ. Габриэл – Салиба тандеми барқарор ишлаяпти. Ҳимоя бўйича «Арсенал» рақибидан яхшироқ ҳолатда.
2. Мартинелли ва янги қўшилган Эзе тезлик ва дриблингда устун. «Ливерпуль» юқори прессинг билан ўйнагани сабаб, қанотларда бўш жойлар кўп қолиши мумкин. Бундан эса Микель Артета шогирдлари тезкор қарши ҳужумларда унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
3. «Арсенал» охирги мавсумларда бурчак зарбаларидан энг кўп гол урган Премьер-лига жамоаларидан бири бўлиб турибди. Жамоа стандарт вазиятларда жуда хавфли. Айниқса, бу фикрни «Реал Мадрид» посбони Тибо Куртуа тасдиқласа керак.
Жамоаларнинг камчиликлари
«Ливерпуль»
1. «Ливерпуль»нинг асосий муаммоси сўзсиз ҳимоя чизиғи бўлиб турибди. Чемпионликка асосий номзод аллақачон ўз дарвозасидан 4 та тўп олиб чиқди. Ван Дейк анчайин ишончли, лекин Конате ва Робертсон тез-тез позициядан чиқиб кетмоқда.
2. Клоппдан кейинги даврда прессинг ва прессингдан кейинги босим ҳали мукаммал ишламаяпти. Орқа чизиқ ва ярим ҳимоя ўртасида катта «бўшлиқ зоналари» пайдо бўлмоқда.
3. Сўнгги 5 расмий ўйинда «Ливерпул» бурчаклардан ҳимояланишда хатоларга йўл қўймоқда. Фақат Ван Дейк ҳаво дуэлида кучли, қолганлар «Арсенал»нинг Салиба, Габриэл каби баланд ўйинчилари олдида заифроқдек.
«Арсенал»
1. Сўнгги 13 йил ичида жамоа Премьер-лига доирасида «Энфилд»да майдон эгаларини мағлуб эта олмаган. Бу психологик босим ўйинчиларга таъсир қилиши мумкин.
2. Салиба ва Габриэл кучли, аммо баъзида баланд чизиқда ўйнашади. «Ливерпуль»нинг тезкор ҳужумчилари бу бўш ҳудуддан унумли фойдаланишлари мумкин.
3. «Арсенал» мавсумни 6 гол билан бошлаган бўлсада, уларнинг ярми «Лидс»га қарши ўйинда келди. Кучли рақиб («Манчестер Юнайтед») билан ўйинда атиги 1 гол киритилди. Ҳужум самарадорлиги элит даражада эмас.
Йўқотишлар
«Арсенал»да ушбу ўйин олдидан жиддий йўқотишлар бор. Букаё Сака, Кай Хаверс, Габриэл Жезус каби ҳужум гуруҳи вакилларида турли даражадаги жароҳатлар бор. Шунингдек, Бен Уайт, Леандро Троссард каби футболчилар билан ҳам муаммолар борлиги айтилмоқда.
«Ливерпуль»да эса ўйин олдидан Жереми Фримпонг ва Стефан Байчетичнинг турли даражадаги жароҳатлари борлиги маълум қилинган.
Маълумот учун, «Ливерпуль» ва «Арсенал» ўйини бугун, 31 август куни соат Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг